Xiaomi’нинг Mi6 смартфони янада арзонлашади

Xiaomi’нинг Mi6 смартфони янада арзонлашади

Xiaomi Россияда смартфон сотиш ҳуқуқини чеклаб қўйгач, Россия божхонаси Хитойнинг интернет дўконларидан харид қилинган Xiaomi смартфонларини ортга қайтариб юбормоқда. Бундан ранжиган россиялик бренд мухлислари барчани бойкот эълон қилишга чақирмоқда. Компаниянинг Россиядаги вакили эса “Хитойча олма”нинг янги режалари билан россияликларнинг диққатини тортишга уринмоқда.

Xiaomi арзон ва сифатли гаджетлари билан танилган. 18 апрелда тақдим қилинган янги флагман — Xiaomi Mi6 айни пайтда жуда камёб. Маълум бўлишича, айни пайтда унинг Lite-версияси бозорга тайёрланмоқда. Унинг янада ҳамёнбоп бўлиши айтилмоқда.

Xiaomi Mi6 Lite талқинининг асосий фарқи — асл талқинда кучли Snapdragon 835 процессори ўрнатилган бўлса, мазкур “енгил” версияда ўрта нархли смартфонларга мўлжалланган Snapdragon 660 процессори ўрнатилади. Бу турдаги чипдан айни пайтда бренднинг Redmi Pro 2 смартфонида ҳам фойдаланилади.

Xiaomi Mi6 Lite талқини яратиш фикри смартфон саноатида юзага келган Snapdragon 835 платформасининг танқислиги билан боғлиқ. Июнда тақдим этилиши кутилаётган Xiaomi Mi6 Lite $289 доллардан сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, смартфоннинг 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 (2499 Yuan), 6 ГБ тезкор ва 128 ГБдоимий талқини — $421 (2899 Yuan), ҳамда 6 ГБ / 128 ГБ хотирали махсус «керамика» талқини $435 (2999 Yuan) АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.