Huawei Mate 9: асосий муаммолар ва уларни ечиш йўллари

  •   DiMaX
  •  1642
  •  10.05.2017 18:37

Huawei Mate 9: асосий муаммолар ва уларни ечиш йўллари

Huawei Mate тизими қурилмалари – замонавий дизайнга, илғор хоссаларга ва сиғимдор аккумуляторларга эга бўлган бақувват флагманлардир. Huawei Mate 9 модели ҳам айнан шундай бўлиб чиқди, аммо фойдаланувчилар улардаги айрим муаммолардан шикоят қилишади. Қуйида ана шу камчиликлар ва уларни ҳал этиш йўлларига тўхталиб ўтамиз.

Nova Launcher ва бошқа лаунчерлар билан келишмаслик

Айрим фойдаланувчиларнинг аниқлашларича, уларнинг Huawei Mate 9 смартфонларида Nova, Apex ва шу каби бошқа лаунчерлар ўрнатилган бўлса, илова ёпилганидан кейин қурилма интерфейси яна UI EMUI’га қайтиб қолади. Созламаларига кириб, ўз лаунчерини бошқатдан қўйишга тўғри келади.

Эҳтимол, бу тезкор хотира билан боғлиқ муаммодир. Ёки, созламаларни қаранг-чи, қувват тежаш режими ёқиқ эмасмикан? Кўпинча бу режим аккумулятор қувватини тежаш учун фонда ишлаётган барча иловаларни ёпиб қўяди.

Бу муаммодан қутулиш учун лаунчерни мунтазам ишлаб турувчи иловалар менюсига киритиб қўйиш лозим. Аммо эсда тутинг: айрим лаунчерлар (масалан, Nova) барча вазифалар рўйхатида акс этмайди. Шунинг учун EMUI’ни фаоллаштиринг, Nova иловасини ишга туширинг ва топшириқлар диспетчери орқали унинг ёпилишини чеклаб қўйинг. Сўнг лаунчерни фаоллаштиринг – муаммо ҳал бўлиши керак.

Mate 9 самарадорлиги пастлиги

Яна баъзи ҳолларда Huawei Mate 9 ишлаш самарадорлиги пасайиб кетиши, қурилманинг қотиб қолиши кузатилади. Буни тўғрилаш учун, қайси иловалар энг кўп ресурсни «еб қўяётган»ини текширинг ва уларни смартфон хотирасидан олиб ташланг.

Шунингдек, тезликнинг пасайишига зарарли чет иловалар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Буни текшириш учун Mate 9’ни хавфсиз режим – «Safe Mode»да ишлатиб кўринг (бунинг қандай амалга оширилишини қуйироқда кўриб оласиз). Агар шу режимда самарадорлик муаммоси кўзга ташланмаса, демак, 99 фоизлик эҳтимол билан айб ўша зиёнкор дастурда. APK-файли орқали охирги ўрнатилган иловаларингизни бир текширувдан ўтказинг.

Аккумуляторнинг тез қувватсизланиши

Аслида Mate 9 моделига бақувват батарея қўйилган, у 6–9 соатга эмас, балки кўпроқ муддат ишлашга мўлжалланган. Агарда шундан тез тугаб қолаётган бўлса, созламаларни текшириб, аккумулятор қувватининг сарфланиш статистикасини кўздан кечиринг. Ўша жойда энг кўп қувватни «еб қўяётган» иловани аниқланг. Ягона йўли – уни ўчириб ташлаб, Google Play’дан унинг ўрнига «енгилроқ» илова топиб ўрнатинг.

Шунингдек, Mate 9 қувватининг тез тугашига почта иловасининг ҳамда Google Календарнинг синхронланиши ҳам таъсир кўрсатади. Агар сизда ҳам шундай ҳолат бўлса, уларнинг синхронизациясини ўчириб қўйишингиз мумкин.

Симсиз уланишдаги муаммолар

Mate 9’нинг кенг тарқалган муаммолари қаторида буям бор. Смартфон янги Wi-Fi ҳамда Bluetooth қурилмалар: роутер, фитнес-браслет ва бошқа техника жиҳозларига уланиши қийин. Аммо бунинг ҳам ечими бор.

Wi-Fi’га улана олмаганда…

Mate 9 одатдаги Wi-Fi маршрутизаторларга бемалол уланиб турган бир пайтда, айримлар 802.11 EAP стандартини қўллаб-қувватловчи роутерларга улана олмай қийналишади. «Connect» ёки «Сохранить» тугмачаси фаол бўлмасдан, кул ранг ҳолида туради. Аммо бу муаммонинг ечими жуда оддий: CA сертификати созламаларини «Не выбрано»дан «Не проверять»га ўтказиб қўясиз.

Агар буям иш бермаса, мана бу усулларни қўллаб кўринг:

  • роутерни ўчириб-ёқиб, қайтадан уланиб кўринг;
  • смартфонда «Забыть эту сеть» опцияси орқали бу тармоқни бекор қилиб, қайтадан уланиб кўринг;
  • қурилмангизнинг MAC манзили роутернинг фильтр рўйхатига киритилмаганлигига ишонч ҳосил қилинг;
  • смартфон ва роутер прошивкаларини охирги версиясигача янгиланг;
  • бошқа роутерда текшириб кўринг.

Bluetooth орқали улана олмасангиз…

  • фаол уланмани ўчириб ташлаб, қайтадан уланинг;
  • Bluetooth созламаларига киринг ва паролдан бошқа ҳеч нарса талаб этилмайдиган қилиб созланганлигига ишонч ҳосил қилинг;
  • ташқи уланувчи гаджетнинг Mate 9’даги Bluetooth версияси билан мослигини текширинг.

Смартфоннинг бошқа баглари

Бу моделдаги айрим муаммоларни, афсуски, ҳозирча оддий усуллар билан ҳал этиб бўлмайди. Бунинг учун смартфон прошивкасининг янгиланишини кутишга тўғри келади.

Қуйида EMUI’ни янгилагандан кейин ҳал этилиши мумкин бўлган энг кенг тарқалган хатоликлар келтирилган:

  • блокировка экранида плеерда овоз созлаш тугмачалари йўқ – плеер овозини созлаш учун албатта смартфонни блокдан чиқариш ёки бунинг учун механик клавишлардан фойдаланиш керак;
  • айрим Mate 9’ларнинг дисплейидаги тач панели яхши ишламайди. Тўғри, экранни калибрлаш мумкин, аммо бу ҳамиша ҳам ёрдам бермайди;
  • «шторка»да – экраннинг тепа қисмидан пастга силаб туширилувчи панелда билдиришномалар акс этмайди – Huawei тез орада бу муаммони ечиш учун bug-fix чиқаради, кутамиз.

Hard Reset қилиш, Safe Mode’га кириш ва бўлим кэшини тозалаш

Юқоридаги айрим ҳаракатларни бажариш ва бошқа ишлар учун мана шу учта ишни қандай амалга оширишни ўрганиб олишингиз лозим.

Қани, кетдикми?

Hard Reset

Huawei Mate 9 моделида қурилмани дастлабки ҳолатига қайтаришнинг учта усули бор.

Биринчи усул:

  • смартфонни ўчиринг;
  • кейин бир вақтнинг ўзида уни ўчириб-ёқиш тугмачаси ва овозни пасайтириш тугмачасини босиб, ушлаб туринг;
  • экранда Huawei логотипи пайдо бўлиши билан тугмачаларни қўйиб юборинг;
  • меню бўйлаб юриш учун овоз созлаш тугмачаларидан фойдаланган ҳолда, «Стереть данные» бўлимига боринг ва бу ҳаракатингизни тасдиқлаш учун телефонни ёқиш тугмачасини босинг.

Иккинчи усул:

  • девайс ёқиқ ҳолатида турганида унинг созламалари – «Настройки» менюсига киринг;
  • пастга – «Advanced Settings»га тушинг;
  • «Резервное копирование и сброс»ни танланг;
  • «Factory Data Reset»ни танланг ва ҳаракатингизни тасдиқланг.

Учинчи усул:

  • смартфон ёқиқ ҳолатида турганида, «Телефон» иловасини очинг;
  • шу ерда *#*#2846579#*#* кодини теринг;
  • очилган менюдаги «Сброс»ни босинг.

Хавфсиз режим – Safe Mode

  • Қурилмани ўчиринг, кейин эса уни қайта ишга тушириш учун ёқиш тугмачасини босиб туринг;
  • экранда Huawei логотипи пайдо бўлиши билан тугмачани қўйиб юборинг ва дарҳол овоз пасайтириш тугмачасини босиб, ушлаб туринг;
  • бу тугмачани қўйиб юбормасдан турсангиз, смартфон яна ўчиб-ёнади, экраннинг пастки чап бурчагида «Безопасный режим» (Safe Mode) ёзувини кўргач, тугмачани қўйиб юборинг;
  • хавфсиз режимдан чиқиш учун қурилмани шунчаки одатдагидек ўчириб-ёқсангиз кифоя.

Бўлим кэшини тозалаш (wipe cache partition)

  • Девайсни ўчиринг;
  • кейин уни ўчириб-ёқиш тугмачаси ва овозини пасайтириш тугмачаларини бараварига босганча ушлаб туринг;
  • экранда Huawei логотипи кўриниши билан тугмачаларни қўйиб юборинг;
  • меню бўйлаб юриш учун овоз созлаш тугмачаларидан фойдаланган ҳолда, «Стереть раздел кэша» бўлимига ўтинг ва бу амалингизни тасдиқлаш учун смартфонни ёқиш тугмачасини босинг.

Шу тариқа, Huawei Mate 9 смартфонларида энг кўп учрайдиган муаммоларни ҳал этса бўлади. Шунингдек, уларнинг айрим параметрларни кўриш ёки ўзгартириш учун, Android тизимидаги барча смартфон ва планшетлар учун умумий бўлган махфий кодларни ҳам кўриб олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, агарда қурилмаларни созлаш бўйича етарлича тажрибага эга бўлмасангиз, махфий кодларни териш орқали созламаларга ўзгариш киритмаганингиз маъқул. Чунки бу девайсингизнинг муҳим функциялари ишламай қолишига ёки умуман ўзи ишдан чиқишига олиб келиши мумкин. Махфий кодларни териш ёки бошқа созламаларини ўзгартириш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар учун масъулият буткул ўзингизнинг зиммангиздадир.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!