Apple Россияда Samsung’га ютқазди

  •   DiMaX
  •  1241
  •  11.05.2017 13:21

Apple Россияда Samsung’га ютқазди

Samsung компанияси нафақат сотилган смартфонларининг умумий сони борасида, балки қимматбаҳо флагманларни етказиб бериш бўйича ҳам Apple’дан олдинлаб кетди. Аввал Россия бозорида 600 АҚШ долларидан юқори нарх сегментида iPhone’лар ҳукмронлик қилган бўлса, ҳозир вазият ўзгарган. Етакчининг алмашиши, кўриниб турибдики, Samsung Galaxy S8 ҳамда S8+ флагманларининг чиқиши билан боғлиқ.

Samsung олдинга ўтиб олди

Бу хусусда GfK ҳалқаро таҳлил агентлиги маълумотларга таянган ҳолда «Коммерсантъ» нашри хабар бермоқда. GfK ҳисоботида кўрсатилишича, 2017 йилнинг 24 апрелидан то 30 апрелигача 600 доллардан юқори нарх сегментида Samsung савдолари 54,9%, Apple’ники эса – 43,4% ни ташкил этган. Samsung’га яқин бўлган манбанинг «Коммерсантъ»га айтишича, мазкур нарх тоифасида бундай кўрсаткичлар биринчи бор қайд этилиши.

Аслида эса савдоларнинг ошиши Samsung Galaxy S8 ҳамда S8+ флагманларининг чиқишидан, яъни 2017 йилнинг 28 апрелидан аввал кузатила бошлаган.

Ҳали 2016 йилнинг ёзида, яъни – Galaxy S7 ва S7 Edge моделлари савдога чиққанидан сўнг ҳам, юқори нарх сегментида Samsung’нинг улуши Apple’никидан икки бараварга кам эди.

Apple’нинг дунё бўйлаб савдолари ўтган йилгига нисбатан қисқарган: компания 50,76 миллион донагина смартфон сотган. 2016 йилнинг шу давригача эса бу кўрсаткич 51,19 миллионни ташкил этган эди. Таҳлилчилар iPhone’ларнинг бу йилги савдоси 52,27 миллион донадан ошишини тахмин қилишганди, аммо бундай бўлмади. Тим Кук бугунги вазиятнинг юзага келишига янги смартфон ҳақида тарқалаётган миш-мишларни айбламоқда.

Кўп давом этармикан?

Ритейлерларнинг таъкидлашларича, флагман қурилманинг савдога чиқарилиши билан юқори нарх сегментида бренднинг улуши ошиши асосан биринчи ҳафтага, қолаверса – биринчи ойга тўғри келади. Хусусан, бу ҳолат А-брендларга кўпроқ тегишлидир; зеро, уларнинг смартфонлари савдога чиқарилишини харидорлар кутиб туришади ва аввалдан буюртма бериб ҳам қўйишади.

Мутахассисларнинг фикрича, Жанубий Корея компаниясининг улуши юқори бўлиб туриши токи Apple’нинг янги флагмани чиқарилишига қадар давом этади. iPhone 8 модели эса шу йилнинг июнидаёқ, яъни WWDC 2017 конференциясида ёки, Apple анъанасига кўра, сентябрда тақдим этилиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!