Xiaomi Mi MIX 2’нинг сурати ва нархи тақдимотгача “фош” бўлди

Xiaomi Mi MIX 2’нинг сурати ва нархи тақдимотгача “фош” бўлди

Жаҳонниннг илк ромсиз смартфони — Mi MIX смартфонлар туркуми тақдим қилингач, Xiaomi компанияси смартфон саноатида жиддий дизайн ва жиҳатларга эга девайслар ярата олишини ҳам исботлай олди. Унинг муваффақияти ишлаб чиқарувчини смартфоннинг “меросхўри”ни ҳам яратишга илҳомлантирди. Бу гал ҳам машҳур техно-дизайнер Филипп Старк билан ҳамкорлик ўрнатилди. Xiaomi Mi MIX 2 флагманинг қуйидаги илк суратлари ҳозирданоқ Хитойнинг оммабоп Weibo ижтимоий тармоғида тарқалди.

Шубҳа йўқки, Xiaomi дисплейни ортиқча деталлардан “тозалаш” эвазига экран майдонини кенгайтиришда давом этади. Қуйидаги суратларда ён томон ромларидан, олд панелнинг юқори қисмидаги улоқдан холи бўлган гаджетни кўриб турибмиз. Олд панелнинг қуйи қисмидаги улоқ ҳам анча қисқариб, жозибали кўринишга келган.

Xiaomi Mi MIX 2 орқа панелидан 19 мегапикселли бош камера модули ва бармоқ излари сканери ўрин олган. Баъзи манбааларда, бош камеранинг икки сенсорли бўлиши ҳам айтилмоқда. Маълумотларга кўра, бармоқ излари сканери дисплейнинг ўзида ўрнатилган бўлади. Олд камера учун 13 мегапикселли сенсор танланган.

Қайд этилишича, Xiaomi Mi MIX 2 ён томонга букилган 6,4 дюймли, QuadHD сиғимли OLED панелга эга бўлади. 2 та SIM-картали флагманнинг дастурий платформаси янги Android 7.0 Nougat’нинг ўзлаштирилган MIUI 9 прошивкасида фаолият кўрсатади. Xiaomi Mi MIX 2’да 8 ядроли, 2,45 ГГц частота тезлигида ишлайдиган янги Snapdragon 835 процессори, Adreno 540 видео-картаси ўрнатилади.

Шунингдек, девайс 4/6/8 гигабайтли тезкор ва 128/256 гигабайтли доимий хотира билан таъминланади. Мобил телефоннинг аккумулятор сиғими 4500 мА соат бўлади.

Gearbest интернет дўкони флагман ҳали тақдим қилинмасиданоқ, унинг нархларини сайтида эълон қилган. Унга кўра, 4/128 ГБ талқин $848,91, 6/128 ГБ талқин $951,37, 8/256 ГБ талқини $1094,81 доллардан сотувга чиқади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!