Truepic – фотосуратнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб берувчи «нотариус» илова

  •   DiMaX
  •  1232
  •  15.05.2017 10:09

Truepic – фотосуратнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб берувчи «нотариус» илова

Бугунги кунда интернетда тарқалаётган расмларнинг ҳаққонийлигига, Photoshop ёки бошқа бирор дастур ёрдамида қайта ишланмаганлигига ишонч йўқ. Шу боис, ҳатто ўзингиз смартфонингизда туширган фотосуратнинг ҳақиқий эканлигини исботлаш ҳам қийин. Аммо энди шу масалага узил-кесил аниқлик киритувчи илова – Truepic яратилди.

Truepic фотосуратнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб берувчи ўзига хос виртуал нотариус кабидир. Мазкур илова ёрдамида олинган суратлар шу заҳотиёқ серверга юборилади, шу сабабли уларни таҳрирлаш, ўзгартириш, қайта ишлаш имкони умуман йўқ.

Бундан ташқари, фотосуратга унинг олинган санаси ва вақти бириктирилади, шунингдек, суратга туширилган жой координатлари ҳам (бунинг учун GPS тизимини фаоллаштириш лозим). Шу тариқа, Truepic бирор фотосуратнинг нафақат ҳаққонийлигини, балки унинг суратга олинган жойи ва вақтини ҳам аниқ исботлашга ёрдам беради.

Шундан кейин фоторасмни ўзингизга қулай бўлган исталган усулда улашишингиз мумкин. Эътибор беринг, ҳар бир суратда унинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи махсус Truepic «сувли» белгиси бўлади. Шунингдек, сиз тасвирга унинг суратга олинган санаси ва аниқ жойи ҳақидаги маълумотларни ҳам кирита оласиз.

Хўш, Truepic қачон, қандай вазиятларда керак бўлади?

Масалан, фотосуратнинг ҳақиқийлиги бирор муҳим масала таъсир этадиган қуйидаги каби ҳолатларда уни ишлатиш мумкин:

  • квартирани ижарага топширишдан олдин унинг ҳолатини тасвирда муҳрлаб қўйишда;
  • автомобиль ёки бошқа бирор транспорт воситасини ижарага олаётганингизда, унинг барча нуқсонлари, эзилган-тирналган жойларини суратга туширишда;
  • муҳим ҳужжатнинг фотонусхасини сақлаб қўйишда;
  • танишув сайтларида ўзингизнинг суратингиз ҳақиқийлиги борасидаги шубҳаларга чек қўйишда.

Truepic иловаси мутлақо бепул бўлиб, ҳатто ичида жонга тегувчи рекламаси ҳам йўқ. Қурилмангиз турига қараб, унинг Android учун ёки iOS учун чиқарилган версиясини кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!