HTC сенсор ромли U11 флагманини тақдим қилди

HTC сенсор ромли U11 флагманини тақдим қилди

16 май куни Тайваннинг HTC технологиялар компанияси ўзининг U11 флагман смартфонини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди. Расмий намойишда маълум қилинишича, мазкур телефон аппарати сенсор ромлари, илғор стерео-овоз узатувчи динамиклари ҳамда шовқинни камайтирувчи тизими билан жаҳондаги бошқа флагманлардан ажралиб туради.

HTC U11’нинг энг илғор жиҳатига унинг Edge Sense технологиясидаги корпусини киритиш мумкин. Қайрилма дизайндаги корпус бармоқ изи зарби ва унинг давомийлигини ҳис қилади ва шунга кўра амалларни бажаради. Мисол учун, аппаратнинг ён томонини бармоқда босиб турсангиз — камера ёки бошқа бир иловалар тезкор ишга тушади, овозни бошқариш мумкин бўлади.

5,5 дюймли янги “ақлли телефон” корпуси шиша ҳамда алюминий уйғунлигида тайёрланган бўлиб, сув ва чангни ичкарига ўтказмайди. Платформа учун 8 ядроли Snapdragon 835 процессори, олд камера учун 16 мегапикселли камера модули, бош камерага 12 мегапикселли, оптик барқарорлаштириш функциясига эга сенсор танланган.

HTC U11 4 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий, шунингдек 6 гигабайтли тезкор ва 128 ГБ.ли доимий хотирага эга модификацияларда ишлаб чиқарилади.

HTC U11 флагманига ўрнатилган стерео-товушли ташқи динамикларда янгича — шовқинни камайтирувчи илғор технология жорий қилинган. Шунингдек, корпус анъанавий 3,5 мм.ли аудио-қулоқчин туйнукчасидан ҳам маҳрум бўлган.

Смартфон ўлчамлари: 153,99 × 75,99 × 7,99–9,20 мм, вазни — 168 грамм.

HTC U11’нинг бошқа техник жиҳатлари сифатида юқори сиғимли — Quad HD (2560 x 1440 пикселли) дисплейни, сиғими 3000 мА соат бўлган аккумуляторни келтириш мумкин.

HTC U11 дастлаб май ойидан муайян ҳудудларда, йил охирида эса жаҳон смартфон бозорида $650 доллардан сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!