Билл Гейтснинг жаҳон ёшларига йўллаган мактуби

Билл Гейтснинг жаҳон ёшларига йўллаган мактуби

Сайёрамизнинг энг бадавлат кишиси, Microsoft асосчиси, дастурчи, хайрли ишлар ва энг кўп китоб мутолаа қилишда донғи кетган Билл Гейтс 15 май куни коллеж битирувчиларига мактуб йўллаб, ҳаётий тажрибалари ҳосили бўлган тафаккурининг дурдоналари билан ёш авлодга мурожаат қилди. Қуйида ушбу мактубни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Азиз, 2017 йилнинг битирувчилари!

Сиз мен ҳеч қачон уддалашга муваффақ бўлмаган иш — коллежни тамомлашга эришдингиз. Барчангизни табриклайман!

Сизга айни пайтда келажак ҳаёт масаласида кўпчилик панд-насиҳат, ўгит ва таклифлар бериши тайин. Жумладан, мен ҳам улар қаторида ўз қарашларимни ўртоқлашишга жазм қилдим.

Коллеж битирувчилари мендан касб танлаш масаласида доимо маслаҳат сўрашади. 20 ёшимда, яъни рақамли технология инқилобининг илк учқунлари эндигина кўринаётган бир даврда, тақдир менинг ҳаётимни ўзгартириб юборган. Мен бу инқилоб менсиз содир бўлишидан қўрққаним учун ҳам, коллежни ташлаб кетишга, ўзимни батамом ахборот технологиялари ривожига бағишлашга қарор қилган эдим.

Агар менга қайтиб битирувчи бўлиш ва сизнинг қаторингизда туриб, дунёга ўзгариш олиб кириши мумкин бўлган касбни танлашга яна имкон берилганида, мен қуйидаги 3 та соҳадан бирини танлаган бўлар эдим.

Биринчиси — сунъий ақл технологияси. Биз бу технология инсонга турмуш тарзини яхшилаш ва самарали яшашига ҳисса қўшиши мумкинлигига гувоҳ бўляпмиз. Бу — янги соҳа ва унинг истиқболи сизнинг қўлингизда.

Иккинчиси — энергия соҳаси. Боиси, тоза ва қайта тикланувчи энергия табиатни асраб қолади, қашшоқликка қарши курашади.

Учинчиси — биология фанлари соҳаси. Бу фанлар одамларга узоқ ва соғлом яшашлари учун ёрдам беради.

Тўғри, ҳаётда буни танлаш керак, буни танлаш — хато, деган тушунча аҳамиятсиз. Мен мана шу уч соҳани яқиндан ўргангим келади. Буни, айниқса коллежни тарк этгач тушунганман. Фақат бир нарса — касбда ақлли бўлиш мен ўйлаганчалик аҳамиятли эмас экан. Гап шундаки, вақт ўтиши билан инсон идроки турли шакл ва кўринишда намоён бўлар экан.

Microsoft компанияси фаолиятининг илк кунларида мен “агар фавқулодда буюк код ёки дастур ёзишни уддалай олган одам одамларни ҳам яхши бошқара олади, жамоани муваффақият сари олиб боради, бошқа барча вазифаларни уддалай олади”, деб ўйлар эдим. Мен янглишган эканман. Менга одамларнинг ўзига хос жиҳатларини қадрлаш ва уларни ўрганиш учун вақт керак бўлди. Вақти келиб, сиз ҳам шу хислатга эга бўлсангиз — ҳаётингиз моҳият касб эта бошлайди, гўзаллашади.

Мен ҳаётда яна бир нарсани имкон қадар эртароқ англаб етишни истаган бўлар эдим, бу — адолатсизлик. 30 ёшимга қадар, Мелинда (турмуш ўртоғи) иккаламизнинг Африка бўйлаб саёҳатимизга довур, афсуски ноҳақлик нималигини чиндан ҳис қилмаган эканман. Инсон аталмиш буюк мавжудотнинг қанчалар қашшоқликда ҳаёт кечираётганини кўриб, даҳшатдан сўзлолмай қолган эдик ўшанда. Ортга қайтишимиз билан биринчи ишимиз кўрганларимиз ҳақида яқиндан ўрганиш бўлган. Касаллик сабаб миллионлаб африкалик болаларнинг ўлими қаршисида барча — энг қудратли давлатлар ҳам бефарқ ва совуққонлик билан қараб туришлари — адолатсизлик эди. Биз буни жаҳондаги энг жирканч ноҳақлик эканини ҳис қилдик, қўл қовуштириб тура олмай, шу заҳотиёқ ишга киришдик.

Мен сизнинг ёшингизда сиз ҳозир билганчалик кўп нарсага ақлим етмаган. Технология сизга мен ва менинг дўстларим ҳеч қачон эга бўлмаган имконни беради — адолатсизликларни эртароқ кўриш, эрта ёшданоқ уларга қарши курашга сизни илҳомлантиради. Бу ноҳақлик сизнинг ён-атрофингизда ёки жаҳоннинг бошқа бир нуқтасида бўладими — унга лоқайд бўлманг.

Мен атрофингизга сизни олға бошлайдиган, сизга сабоқ берадиган, “мен”ингиздаги салоҳиятни мутлоқ ишга солишга мажбур қиладиган одамларни тўплашга чақираман. Мелинда менинг атрофимдаги мана шундай инсонлардан бири ва мен шунинг учун ҳам омадлиман. Мен ўз бахтимни дўстларимнинг менга нисбатан меҳри-муҳаббати ва менинг уларнинг бахтиёрлигидаги ўрним билан ўлчаганман.

Стивен Пинкернинг “Феълимиздаги энг яхши жиҳатларимиз” китобини ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Муаллифнинг фикрича, биз инсоният тарихининг энг осойишта даврида яшаяпмиз. Айниқса, бугунги вазиятда бу тинчликни сақлаб қолиш — энг оғир иш.

Бугун одамларга “дунё яхшиланмоқда, ҳаёт гўзаллашмоқда” мазмунидаги фикрни айтсанг, улар наздида сен ё гўл, ёки телба бўлиб туйиласан. Аслида эса, бу фикр сени атрофимиздаги шунча муаммога кўз юмаётганингни эмас, уларнинг барҳам топишига ишонишингини кўрсатади. Модомики, ҳар бир киши ана шу фикрга келса, дунё барчага ростдан ҳам яхшиланаётган ва гўзал бўлиб кўринар эди.

Булар — мендаги дунёқарашнинг мағзи. Мана шу фалсафа мени энг оғир дамларда ҳам қутқаради, одамларга нисбатан янада хайр-саховатли бўлишга илҳомлантиради. Мен кун келиб сиз ҳам худди шу фикрга келишингиз ва шундай ишларни амалга оширишингизга ишонаман.

Барчангизга омад ёр бўлсин. Унутманг, сизнинг ёшингиз — инсон тириклигининг олтин даври. Умид қиламанки, сиз бундан унумли фойдаланасиз”.

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!