Қўлда ҳаракатланувчи ақлли соат яратилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1437
  •  20.05.2017 11:42

Қўлда ҳаракатланувчи ақлли соат яратилди (+видео)

АҚШ, Канада ва Хитой муҳандисларидан ташкил топган халқаро жамоа янги турдаги ақлли соат прототипини яратди. Бу соат фойдаланишда қулай бўлиши учун, қўл бўйлаб ҳаракатлана оладиган бўлади.

Ҳозирда биз ақлли соат деганда кенгайтирилган функцияларга эга (салкам смартфонларга тенглашадиган) қўл соатларини тушунамиз. Уларнинг илк моделлари соат бўлишдан ташқари оддийроқ вазифаларни бажара олар эди. Масалан, калькулятор, плеер ёки ўйин приставкаси вазифасини. Энди замонавий ақлли соатлар эса амалда портатив компьютердан қолишмайди: мобил операцион тизим асосида ишлайди ва чет иловаларни қўллаб-қувватлайди; улар ёрдамида телефон қўнғироқларини қабул қилиш, хабарга ёки электрон мактубга жавоб бериш мумкин.

Бироқ табиий сабабларга кўра ақлли соатнинг экрани кўздан пана бўлиб қолиши мумкин, масалан – енг остида қолиб кетса, соат эгаси унинг экранига келган билдиришномаларни ё бошқа маълумотларни пайқамай қолиши эҳтимоли бор.

Янги – фаол ақлли соат прототипи Cito эса бундай камчиликлардан холи. Унинг корпуси шундай ясалганки, ўзига ўрнатилган электромоторлар ёрдамида соат ўз экранини ҳаракатлантира олади. Экран соатнинг тасмасидан чеккага сурила билади, бирор бурчагини кўтара олади, ўз ўқи атрофида айланиши ва соат тасмаси бўйлаб – билак атрофида силжиши мумкин.

Фаол ақлли соат қўллашда кўплаб фойдали жиҳатлар мавжуд. У экранини 45 даража бурчак остида буриб, ўтказиб юборилган билдиришнома ҳақида хабар бериши мумкин. Қўнғироқ бўлганида, экрани сурилиб, енг остидан буёққа чиқади. Ҳатто қулай бўлиши учун билакнинг нариги томонига ўтиб олишни ҳам билади. Шунингдек, у электромоторни бошқа вазифалар учун ҳам қўллаши мумкин. Масалан, навигатор режимида йўналишни кўрсатиш учун корпусни айланма ҳаракатга келтиради. Бу вақтнинг ўзида сизга экранда бошқа маълумотларни ҳам етказиб бераверади.

Қуйидаги видеолавҳада унинг айрим хусусиятларига ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин:

Бу турдаги фаол ақлли соатлар оммавий ишлаб чиқаришга қачон жорий этилиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.