Тадқиқот: Snapchat ва Instagram ёшлар учун таҳдидли

Тадқиқот: Snapchat ва Instagram ёшлар учун таҳдидли

Буюк Британияда ташкил этилган тадқиқот биз доимо хавфсираб юрган тахминнинг ҳақиқат эканини исботлади: ижтимоий тармоқ, хусусан Instagram ҳамда Snapchat хизматлари ўсмирлар ҳаётига жиддий хавф солмоқда.

“Онгнинг ҳолати” номи билан нашр қилинган илмий изланишлар Буюк Британия Қироллик жамиятининг олимлари томонидан тайёрланган. Тадқиқот давомида 14-24 ёшли 1,479 нафар британиялик ёшлар иштирок этдилар.

Улардан интернетдан фойдаланиш чоғида ижтимоий тармоқнинг қандай таъсир қилиши хусусида саволлар сўралган. Жумладан, ёшлардан у ердаги ўз танасини кўз-кўз қилаётган одамларнинг сурати, ҳақоратлар, шунингдек уйқусизликнинг таъсири ҳақида сўралган.

Натижалар, айниқса Instagram ва Snapchat ёш авлод руҳиятига ва саломатлигига таъсир қилаётган энг ёмон тармоқлар эканини кўрсатмоқда. Жумладан, британиялик ўсмирлар учун тармоқлардаги ярим-яланғоч суратлар, ҳақорат ва қаҳр-ғазаб акс этган контент таҳдидли.

Сўровлар Twitter ва Facebook ҳам ёшларга салбий таъсир қилишини, YouTube нисбатан ижобий кайфият уйғотишини кўрсатмоқда. Боиси, Snapchat ва Instagram асосан суратларга мўлжалланган иловалар бўлиб, одам хоҳлайдими, йўқми у ерда эълон қилинаётган суратлардаги ҳаёт билан ўзининг ҳаётини таққослайди.

Ўз дўстининг маза қилиб соҳил бўйида ёки тунги клубларда дам олаётганини кўрган ўсмир ҳаётнинг муҳим дамларини қўлдан бой бераётганини ҳис қилади ва нима қилиб бўлса ҳам, у ҳам шундай ҳаёт тарзида бўлишни афзал кўради. Акс ҳолда, ундаги тушкунлик, умидсизлик авж олади, ҳаётдан тез совиб қолади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!