Oukitel U22 — жаҳоннинг 4 камерали смартфони!

Oukitel U22 — жаҳоннинг 4 камерали смартфони!

Смартфон камераларини ривожлантириш рақобати корпусда уларнинг сонини ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бугун қўш сенсорли объективлар ўрнатиш смартфон саноатида оддий ҳолга айланди. Бош камера билан бирга, олд камерага ҳам 2 та камера модулини ўрнатиш авж олмоқда. Бу қайсидир маънода, смартфон бозорда яхши сотилиши учун ҳам қилинмоқда.

Oukitel компанияси ҳам жаҳонда биринчилардан бўлиб “4 кўзли” Oukitel U22 смартфонини тақдим қилди. У ҳам олд панелида, ҳам орқа панелида 2 тадан камера сенсори билан таъминланган. Бунгача эса Alcatel Flash мобил алоқа воситаси ана шундай жиҳатга эгалиги билан жаҳонда ягона эди.

Oukitel U22’нинг селфи-камераси учун 5 ҳамда 2 мегапикселли сенсор танланган. Бош камера учун эса 8 МП ҳамда 2 МП сиғимли модуллар ўрнатилган. Шунингдек, ҳам олд, ҳам орқа камералар учун LED-фоточақноқ мавжуд. Ишлаб чиқарувчининг маълумот беришича, камера дастурий таъминоти сифатли суратга олиш учун фойдаланувчига мақбул қатор имкониятларни таклиф қилади.

Айни пайтда Oukitel U22 смартфони 5,5 дюймли HD дисплей, бошланғич даражали ва 4 ядродан иборат МТ6580А процессори, 2/16 Гб хотира (хотирани катталаштириш мумкин) ҳамда 2500 мА соат сиғимли аккумуляторга эга. Oukitel U22 Android 7.0 Nougat операцион бошқарув тизимида ишлайди. Нарх-наво масаласида, унинг арзон нархда сотилиши маълум қилинган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!