WannaCry инсониятга рекорд суммада зарар келтиргани маълум бўлди

WannaCry инсониятга рекорд суммада зарар келтиргани маълум бўлди

Экспертларнинг маълумотларига кўра, глобал миқёсидаги сўнгги энг йирик кибер-вирус — WannaCry’нинг 1 ҳафталик ҳужуми Интернет тарихида жаҳон иқтисодиётига рекорд миқдорда зарар келтирган навбатдаги ҳаккерлик хуружи бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу зарар камида $1 млрд долларни ташкил қилади. Бу тўғрида ахборот хавфсизлиги билан шуғулланувчи KnowBe4 компанияси маълум қилмоқда.

Ушбу маблағнинг миқдорини ҳисоблашда экспертлар жаҳон миқёсида йирик компания ва ташкилотлар, оддий фойдаланувчилар йўқотган маълумотлар, ишдан чиққан тизимлар оқибатида тушиб кетган меҳнат самарадорлиги, тергов ва суриштирув жараёнлари учун қилинган харажатлар, ташкилотлар нуфузига етказилган зарар ҳамда бошқа омилларни инобатга олганлар.

12 май куни Windows операцион тизимида ишлайдиган компютерларга йўналтирилган вирус сайёрамизнинг 150 та мамлакатидаги 200 мингдан 300 мингтагача бўлган қурилмалар фаолиятини ишдан чиқарган. Шу билан бирга, ҳаккерлар товламачи-вирус шифрларб қўйган маълумотларни асл ҳолига қайтариш учун ҳар бир “қурбон”дан $300 доллардан маблағ сўрашган. Ҳозиргача улар бунинг орқасидан $126,742 доллар ишлаб топишга эришганлар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.