Xiaomi Mi Max 2 тақдим қилинди: Mi6’нинг камераси, 6.4 дюймли Full HD экран, йирик батарея

Xiaomi Mi Max 2 тақдим қилинди: Mi6’нинг камераси, 6.4 дюймли Full HD экран, йирик батарея

Хитойлик смартфонсоз Xiaomi 25 май куни Пекинда Mi Max 2 фаблетини тақдим қилди. Маълум бўлишича, 2016 йилда тақдим қилинган, ўта юпқа (1,5 мм.ли) ён ромларига эга Mi Max бугунга қадар 3 миллион дона сотилган.

Тақдимотда экраннинг ён томонларидаги қора ҳошия 0,7 мм экани алоҳида қайд этилган.

Гаджетнинг симметрик дизайни яққол кўзга ташланади. Орқа панелдаги антена улоқлари сурилиб, томга яқин жойдан ўтказилган. 2 тусли светодиодли фоточақноқ ҳам энди камеранинг чап томонига ўтган. Смартфон томида 3,5 миллиметрли аудио-туйнук мавжуд.

Меломанлар учун энг катта янгилик — гаджетдаги стерео, яъни 2 та аудио карнайлардир!

Янги Mi Max 2 девайси Huawei P10 Plus ва iPhone 7 Plus’нинг “қувват тоши”дан 2 баробар катта, яъни 5300 мА соат электр токини сиғдирадиган аккумуляторга эга. Тўлиқ қувват билан фаблет 2 кун давомида фаол ишлай олиши билан ўзига хос.

Ишлаб чиқарувчига кўра, Quick Charge 3.0 технологиясига эга смартфон 1 соатда қувватини 68 фоизга тўлдиради. Уни тўлиқ қувватлаб 18 соат видео томоша қилиш ёки 57 соат алоқада бўлиш мумкин.

6.44 дюймли Full HD (1920 х 1080 пикселли) экранга эга Mi Max 2’да яхлит металл корпус, 4 гигабайтли тезкор ва 64 ёки 128 ГБ доимий хотира, 12 МП бош ва 5 МП олд камералар, орқа панелда бармоқ излари сканери, энерго-тежамкор ва 2.0 Ггц частота тезлигида ишлайдиган 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 625 чипсети ўрнатилган.

Яна бир ўзига холиги — фаблетдаги камера. Гап шундаки, смартфонга Sony IMX386, яъни Xiaomi Mi 6 флагмани эга бўлган камера ўрнатилган. Аввалги фотокамералар билан солиштирганда, ушбу фотосенсорнинг сезгирлиги 56%га ошган. Бош камера фазали автофокус, ёруғлик паст шароитда олинган суратларни қайта ишлаш функциялари билан ҳам ўзига хос.

6.44 дюйм кафт учун кичкина майдон эмас, шу боис Mi Max 2’да уни бир кафтда бошқариш режими мавжуд. Mi Max 2 Android 7.1 операцион тизимининг ўзлаштирилган MIUI 8.2 талқинида фаолият кўрсатади.

Смартфон талқинига кўра, 1 июндан $247 (64 ГБ) ҳамда $290 (128 Гб) доллар баҳосида Хитойда сотувга чиқарилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!