Apple 6 ядроли iPad Pro’ни тақдим қилди!

Apple 6 ядроли iPad Pro’ни тақдим қилди!

Кутилганидек, АҚШнинг Apple корпорацияси 5 июнь куни ўзининг iPad Pro профессионал планшетлар туркумини янгилади. Компания тубдан янгиланган 10,5 дюймли планшетни тақдим қилди. Афсуски, планшет бугунги новаторликнинг белгиси бўлган ромсиз дизайнда эмас ва кўринишидан аввалги — 9,7 дюймли ва 12,9 дюймли моделларга ўхшаб кетади.

Экран атрофидаги ром қисқариб, унинг майдони йириклашган, жумладан тасвир майдони 9,7 дюймли моделга қараганда 20% каттароқ. Экран ва виртуал клавиатура фойдаланишга янада қулайлашган.

Apple iPad Pro 10.5 гаджетининг аппарат платформасида яп-янги 6 ядроли Apple A10X Fusion процессоридан фойдаланилган. Ундаги 3 та ядро юқори самарадорлик, қолган 3 та ядро қувват тежашга масъул. Шунингдек, планшетга 12 ядроли видеокарта ўрнатилган. Одатда Apple планшетларидаги оператив хотира сиғимини эълон қилмайди. Шу боис, унда бу гал ҳам iFixit хотираларидан фойдаланилгани кутилмоқда.

Янги iPad Pro аввалги “аждоди”га нисбатан 30% га тезроқ ишлайди. Жумладан, график-тасвирларни қайта ишлаш кўникмаси 40% га ошган. Илк Apple A4 процессори билан солиштирганда, ушбу чипдаги тезкорлик 500 маротаба юқори.

True Tone функцияли экран диагонали 10,5 дюйм бўлиб, фирманниг янги ProMotion технологиясини қўллаб-қувватлайди. Яъни, тасвирнинг янгиланиш частотасини автоматик бошқаради. Бу эса планшетдаги қувватни тежаш учун айни муддао. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, планшет экрани 600 nit миқдоридаги ёруғлик узатади ва HDR-видеони қўллаб-қувватлайди, ранг-тасвир узатишда юқори аниқликка эга.

Планшет 12 Мп сиғимли бир модулли бош камера билан таъминланган. 6 линзали (f/1.8) бу камера оптик барқарорлаштириш тизими, 4 тусли светодиодли фоточақноққа эга, унда 4K сиғимли видео ёзиш мумкин. Шунингдек, девайсга сиғими 7 Мп бўлган олд камера ўрнатилган.

Apple iPad Pro 10.5 планшети тўлиқ қувват билан 10 соат ишлайди. Унинг батареяси тезкор қувватлаш тизимига эга. USB 3.0 порти — маълумотларни тезкор алмашишда жуда муҳим. Apple компанияси, шунингдек, планшет учун янги талқиндаги бир нечта ғилоф, клавиатура ва жилдларни ҳам намойиш қилди.


iPad Pro гаджети iOS 11 билан илғор функцияларга эга бўлади. Операцион тизимдаги ҳужжат сканери ўзига хос. У камера ёрдамида керакли ҳужжатлари сканер қилиш ва Apple Pencil ёрдамида гаджетда таҳрир қилиш ва имзолаш мумкин.

Иловаларни ёқишга мўлжалланган “The app switcher” иловаси ҳам такомиллашиб, ҳужжат ва суратларни бошқа иловаларга осонлик билан ташлаш ёки юклаб олиш мумкин.

‘Files’ янги ҳужжатлар иловаси расман тақдим қилинди ва у Dropbox ва Google Drive каби маълумотларни “булутли” сақлаш хизматлари билан марказлашган. Яъни, маълумотларни бу хизматларда сақлаш ҳам мумкин. Унинг ёрдамида барча маълумот сақлаш файлларини иловага жамлаш мумкин.

Планшетдаги энг кам доимий хотира сиғими 64 ГБ — бу талқин $649 (LTE-модемлиси — $779), шунингдек 256 ГБ хотира талқини $749 ва 512 ГБ талқин $949 доллардан таклиф қилинмоқда. Қолаверса, худди шундай — 64/256/512 ГБ хотира талқинига эга 12,9 дюймли Apple iPad Pro эса $799/$899/$1099 доллардан сотувга чиқарилади.

Янги 10,5 дюймли Apple iPad Pro июлдан бошлаб кумуш, кулранг, тилла ва пушти рангли корпусларда сотувга чиқарилади. Унинг тизимини куз ойида iOS 11’га янгилаб олиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.