iOS 11 тизимида интерфейснинг тўқранг режимини ёқамиз

  •   DiMaX
  •  1209
  •  08.06.2017 10:45

iOS 11 тизимида интерфейснинг тўқранг режимини ёқамиз

Жаҳон дастурчилари анжумани – WWDC 2017 конференциясида Apple ўзининг iOS 11 операцион тизим версиясини тақдим этди. Янги версияда кўплаб инновацион функциялар жорий қилинган, бироқ унда тақдимотда айтилмаган янгиликлар ҳам мавжуд. Шулардан бири – узоқ кутилган тўқранг – сал қоронғироқ режимдир. Қуйида уни қандай ёқишни кўриб чиқамиз.

Аслини олганда, бу бор-йўғи ранглар инверсияси (рангларни мослаштириш) режимидир ва у тизимда аввалдан ҳам мавжуд бўлган. Аммо айнан iOS 11 версиясида уни яхшигина қайта ишлашган ва «Смарт-инверсия» опциясини қўшишган.

Аввалги инверсиядан фарқли равишда, янги режим шунчаки барча рангларни янада тўқроқ қилиб, экрандаги тасвирни қоронғилаштириб ташламайди, балки фақат ёрқин рангларнигина тўқ тусга айлантириб беради. Интерфейс унсурлари, медиа ва бошқалари ўз ҳолича қолади.

Тўқ тусли режимни ёқиш жудаям осон, бунинг учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш кифоя:

  1. Созламалар, яъни «Настройки»ни очиб, асосий созламалар – «Основные»га, ундан эса «Универсальный доступ»га ўтамиз.
  2. Бу ерда бизга кераклиси – дисплейнинг мослашуви, шу боис «Адаптация дисплея» бўлимига кириб, «Инверсия цвета» бандини танлаймиз.
  3. Мана шу жойдаги «Смарт-инверсия» тумблерини ёқамиз.

Дарвоқе, тўқ тусли режимни ёқиш ва ўчиришни ҳар гал созламаларга кириб ўтирмасдан ҳам амалга оширадиган қилиб қўйиш мумкин. Бунинг учун тизимдаги бошқа бир имкониятдан фойдаланамиз – «Уйга» тугмачасини уч марта босиш ҳаракатига шу функцияни тайинлаб қўямиз.

Бунинг учун «Универсальный доступ» менюсига қайтиб, энг пастигача борамиз. Энг пастида тугмачалардан қўшимча мақсадларда фойдаланишни созлаш учун «Сочетание клавиш» бўлими бор. Ўша жойда, «Уйга» тугмачасини уч марта босиш ҳаракатига бирор функцияни тайинлаб қўйиш мумкин. Ўзимизга кераклиси – «Смарт-инверсия цвета»ни белгилаймиз.

Энди ҳар гал «Уйга» тугмачасини кетма-кет уч марта боссак, интерфейснинг тўқ туси фаоллашади. Одатдаги режимга қайтиш учун ҳам яна шу тугмачани уч марта босиш кифоя.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!