Vectr – логотип, баннер ва тақдимотлар яратиш учун бепул вектор муҳаррири

  •   DiMaX
  •  3279
  •  09.06.2017 11:22

Vectr – логотип, баннер ва тақдимотлар яратиш учун бепул вектор муҳаррири

Биламизки, графика икки хил – растрли ва векторли бўлади. Растрли тасвирларни таҳрирлаш учун кўплаб дастурлар мавжуд, аммо векторли тасвир файлларини қайта ишлаш учун яхши ва бепул иловалар унча кўп эмас.

Vectr – векторли суратларни яратиш ва ўзгартиришга мўлжалланган янги бепул сервис дастуридир. Унинг биттагина камчилиги – интерфейсининг русча тили йўқлигида; сервис фақат инглизча ва хитойчада тақдим этилган. Яхши томони – уни тўғридан-тўғри браузерда, онлайн тарзда ишлатишингиз ҳам, десктоп илова сифатида кўчириб олиб фойдаланишингиз ҳам мумкин. Унинг ёрдами билан нафақат оддий тасвирлар (логотип, эмблема, белгичалар), балки ҳатто мураккаб векторли безаклар ҳам яратиш имкони мавжуд.

Чап томондаги жиҳозлар панелида перо, қалам, турли оддий геометрик шакллар ва матнни қўшиш учун тугмачалар мавжуд. Ўнг томондан эса айни пайтда белгиланган объектнинг хусусиятларини кўрсатувчи панель ўрин олган. Шу ердан унинг ўлчамларини, ранги, шаффофлик даражаси, чегаралари ва бошқа параметрларини ўзгартириш мумкин.

Vectr сервисининг муҳим устунликларидан бири – биргаликда ишлаш имконияти мавжудлигидир. Яъни, битта лойиҳанинг устида бир вақтнинг ўзида бир неча киши, турли жойлардан интернетга кириб туриб ишлай олишади. Бунинг учун ўз лойиҳангизга элтувчи ҳаволани шерикларингизга юборишингиз кифоя. Улар шу ҳавола бўйича кириб, тасвирингизнинг таҳририга ва муҳокамасига қўшила оладилар. Бу имконият онлайн версияда ҳам, десктоп иловада ҳам тақдим этилган.

Расмлар муҳаррири сервисининг барча функциялари содда ва тушунарли, шу боис унда ҳатто тажрибасиз фойдаланувчилар ҳам ишлаб кета олади, бунинг учун соҳа бўйича билимга эга бўлиш шартмас. Аммо, агарда сиз унинг барча имкониятларидан баҳраманд бўлишни истасангиз, у ҳолда мана бу саҳифа орқали ўтиб, мисоллар ва ўргатувчи мақолаларга назар солишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!