Huawei MateBook ноутбуклари тақдим қилинди

Huawei MateBook ноутбуклари тақдим қилинди

Сўнгги ҳафталарда Huawei компаниясига оид янгиликлар оқими жадаллашди. Бу бренднинг Шанҳайда ўтган навбатдаги тақдимотида Matebook туркумига кирувчи янги ноутбуклар тақдим қилинди. “D”, “E”, “X” қўшимча номларга эга янги лаптоплар жиҳати ва нарх-навосига кўра бир-биридан фарқли.

Huawei MateBook X
Huawei MateBook X’нинг 13 дюймли экрани бош панелнинг 88 фоиз қисмини эгаллаб олган. Гаджет дисплейининг сиғими 2К (2160 × 1440). Унинг корпус қалинлиги — 12,5 мм!
Ноутбукда Dolby Atmos Sound System аудио-тизими ва бармоқ излари сканери ҳамда шифрлашга мўлжалланган алоҳида чип мавжуд.
Matebook X ноутбуки 4 талқинда ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, Core i5 процессори, 4 ГБ тезкор ва 256 ГБ доимий хотиралиси $1028 доллар, Core i5, 8 ГБ тезкор ва 256 доимий хотирали талқини $1175 доллар, шунингдек 512 гигабайтили доимий хотирага эга талқини $1323, энг юқори — Core i7, 8 ГБ тезкор ва 512 ГБ доимий хотирали талқини $1470 долларга баҳоланган.

Matebook E
Сиғими 2К (2160 × 1440 пиксел) бўлган 12 дюймли сенсор экранли Matebook E планшети нисбатан арзон. У — ноутбук-трансформер. Бу гаджет янгича Folio туридаги клавиатурага эга.
Гаджет 2 диапазонли WI-Fi (2 × 2 MIMO) тармоғида ишлайди. Унинг 3300 мА соат сиғимли аккумулятори тўлиқ қувват билан 9 соат ишлайди.
Унинг энг қуйи талқинига Intel Core M3 процессори, 4 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий хотира ўрнатилган бўлиб, $734 долларга нархланган. Core i5, 4 ГБ тезкор ва 256 ГБ доимий хотира ўрнатилган талқин $1013, энг юқори — Core i5, 8 ГБ текзор ва 256 ГБ доимий хотирага эга версия $1087 доллардан сотувга чиқарилади.


Matebook D
Huawei’нинг тақдимотдаги кутилмаган янгилиги – бизнес-туркумига кирувчи тўлиқ ўлчамли Matebook D ноутбукининг намойиши бўлди.
15,6 дюймли Full HD сиғимли экранга эга Matebook D – сўнгги авлод Kaby Lake архитектурасига эга Intel Core i5/i7 процессори ва кучли, алоҳида тезкор хотирага эга NVIDIA GeForce 940MX видеокартаси билан ўзига хос. Шу жиҳати билан у компания тарихидаги ўзига хос ноутбук бўлди.
Гаджет $734 АҚШ долларидан бошлаб сотувга чиқарилади. Унинг энг юқори талқини $1072 долларга баҳоланган бўлиб, Core i7 процессори, 8 ГБ тезкор ва 128 ГБ (SSD) ҲАМДА 1 ТБ (HDD) доимий хотирага эга.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!