Qualcomm ва Microsoft ҳамкорлигидан нега Intel ғазабда?

  •   DiMaX
  •  1097
  •  10.06.2017 09:41

Qualcomm ва Microsoft ҳамкорлигидан нега Intel ғазабда?

Windows 10 операцион тизими билан чиқариладиган ноутбукларга қўйиладиган Snapdragon 835 процессори x86 архитектураси эмуляциясидан фойдаланади. Бунга эса процессор ишлаб чиқарувчи нуфузли Intel компанияси норозилик эълон қилди, деб ёзади engadget.com сайти.

Гап шундаки, Intel компанияси процессорларда 8086 архитектурасини қўллай бошлаганига 40 йил тўляпти. Бу йиллар мобайнида компания уни ривожлантиришга анчагина куч-қувват сарфлаган. Энди эса Qualcomm мазкур архитектурадаги процессорларни ишлаб чиқариб, Microsoft билан ҳамкорликда тижорат мақсадларида қўллашга – сотишга ўтмоқда.

«Айрим компаниялар бизга тегишли x86 архитектураси эмуляциясидан бизнинг рухсатимизсиз фойдаланишлари мумкинлиги тўғрисида янгиликлар мавжуд, – дейди Intel бош юристи. – Патентларимизнинг ноқонуний бузилишини биз маъқулламаймиз ва бошқа компаниялар Intel’нинг интеллектуал мулкига бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилишда давом этишларидан умид қиламиз».

8086 архитектураси 1978 йилнинг 8 июнида ишлаб чиқилган эди. Орадан ўтган 39 йил давомида унга маълумотлар даражасидаги SIMD-параллелизм, медиаконтент SSE-рендеринги қўшилди, хавфсизлик даражаси оширилди. Intel ҳозиргача 1600 тача патентга эгалик қилади, улар ёрдамида компания ўз ҳуқуқини талаб қилиб, бу борада адолатни тиклаши мумкин.

Шунингдек, Intel патент жанги ёрдамида Transmeta компаниясини «йўқ қилиш»га эришганини ҳам эслатиб ўтди. Ўз вақтида бу компания ҳам эмуляциядан фойдаланган ҳолда x86-процессор ишлаб чиққан эди.

Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор: Qualcomm бу сизга Transmeta эмас, дейилади хабарда. Мазкур компаниянинг ҳам яхши юристлари бор ва улар «Snapdragon асосида Windows» лойиҳаси устида иш бошланишидан аввал ўз маслаҳатларини беришган бўлса керак.

Нима бўлганда ҳам, буёғига жараён қандай тус олиши ҳозирча номаълум. Балки Qualcomm йирик миқдорда жарима тўлашига тўғри келар, ёки Snapdragon процессорли Windows-ноутбуклар савдосидан тушадиган даромаддан Intel’га фоиз бериб турадиган бўлар. Буни ҳали вақт кўрсатади, воқеалар ривожидан бохабар бўлиб туриш учун эса биздан узоқлашманг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!