Хитойнинг «Хавфсиз шаҳар» тизими Тошкент осудалигини мустаҳкамлайди

  •   DiMaX
  •  1336
  •  15.06.2017 15:57

Хитойнинг «Хавфсиз шаҳар» тизими Тошкент осудалигини мустаҳкамлайди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этишнинг келгуси истиқболлари муҳокама қилинди. Бу хусусда Вазирлик сайтида маълумот берилмоқда.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этишга тааллуқли ишларни батафсил муҳокама қилиш учун мамлакатимизга келган Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси («CASIC») делегацияси билан музокара олиб борар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитойга ташрифи туфайли икки дўст мамлакат ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Делегация аъзоларининг ушбу ташрифи ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давоми эканлигини қайд этди. Вазир давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташрифи чоғида Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорациясида бўлиб, «Хавфсиз шаҳар» тизимининг тақдимот маросими билан қизиқиб қолганини эслатди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, хусусан, Вазирлик ҳузуридаги республика «Қўриқлаш» бирлашмаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Тошкент шаҳар ИИББ мутахассислари «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастур мажмуасини татбиқ этиш борасида муайян тажрибага эга.

Ички ишлар вазирининг сўзларига қараганда, ҳали бу йўналишда кўп иш қилинди, деб бўлмайди, аммо энг асосийси, пойтахтимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда жамоат хавфсизлиги даражасини ошириш йўлида дастлабки қадамлар қўйилди. Ушбу йўналишда Вазирлик тизими мутахассислари юқори технологиялар ишлаб чиқарувчи Россия Федерацияси ҳамда Хитойнинг бошқа компаниялари мутахассислари билан ҳам ҳамкорлик қилишган. Лекин бугунги кунда айнан Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси мутахассисларининг ишланмалари маъқул кўриляпти. Генерал-майор А. Азизов шу сабабли мазкур корпорация делегацияси юртимизга айни вақтида ташриф буюрганини таъкидлади.

Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси Бош директори ўринбосари, делегация раҳбари Сун Синь ўз навбатида корпорациянинг фаолияти, ишланмалари ва маҳсулотлари қайси соҳаларда, шу жумладан, давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муваффақиятли қўлланилаётгани ҳақида гапириб берди. У Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси ходимлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашув чоғида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг баъзи жиҳатларини муҳокама қилишди. Ушбу ишларнинг натижалари жамоат хавфсизлигини ҳамда пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари хотиржамлигини таъминлашда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!