«Google Диск» энди бутун компьютернинг захира нусхасини сақлаб қўя олади

  •   DiMaX
  •  1034
  •  15.06.2017 17:32

«Google Диск» энди бутун компьютернинг захира нусхасини сақлаб қўя олади

Яқин орада, аниқроғи – 28 июнда «Google Диск»нинг янги версияси – Backup and Sync тақдим этилади. Бу энди шунчаки «булутли» сақлагич эмас, балки файлларнинг захира нусхаларини яратишга мўлжалланган кучли жиҳоз бўлади, деб ёзади Лайфхакер.

Янги сервис сиз компьютерингизда очган барча жилдлардаги файлларни кузатиб бориши ва захира нусхасини яратиб қўйиши мумкин. Иш столини очасизми, «Ҳужжатлар» ё бошқа бирор жилдними – фарқи йўқ.

Backup and Sync сервиси «Google Диск» иловасининг ўрнига тақдим этилади. Аллақачон мазкур сервис Windows ва macOS учун «Google Фото»га интеграция қилинган. Компания ўзининг оддий фойдаланувчиларига, янги илова чиқиши билан уни юклаб олишни тавсия этмоқда. Бироқ бизнес-фойдаланувчиларга ҳозирча «Google Диск»нинг эски версияси билан ишлашда давом этиш тавсия этилади.

Backup and Sync’да яна қандай қўшимча имкониятлар тақдим этилиши ҳозирча номаълум. Тахминларга кўра, «булутли» макондаги файлларни худди аввалгидек очиш ва таҳрирлаш имкони бўлади. Аммо бу файлларни Backup and Sync’дан фойдаланган ҳолда бошқа компьютерларда синхронлаш имкони бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча номаълум. Яна бир жиҳатини ҳам инобатга олиш даркор: ундаги жой ҳажми чекланган – 15 гигабайтга тенг. Бу эса унча катта ҳажм эмас ва тезда тўлиб қолиши мумкин.

Умуман олганда, янги киритилган ўзгаришлар фойдаланувчиларга маъқул тушса керак. Ҳозирча эса «Google Диск»ни iOS тизимли қурилмалар эгалари мана бу, Android-девайслар соҳиблари эса мана бу ҳавола орқали юклаб олиб, фойдаланиб туришлари мумкин.