Huawei’нинг P8 Lite (2017) модели P9 Lite’дан ҳам кучлироқ чиқди

  •   DiMaX
  •  1619
  •  23.06.2017 15:42

Huawei’нинг P8 Lite (2017) модели P9 Lite’дан ҳам кучлироқ чиқди

Huawei компанияси янги смартфон – P8 Lite (2017) моделини тақдим этди. Унинг нега айнан шундай номлангани номаълум, ахир, у техник хусусиятларига кўра нафақат 2015 йили чиққан оригинал P8 Lite’дан, балки ҳатто бултурги P9 Lite моделидан ҳам юқори. Бу ҳақда GSMArena сайти хабар бермоқда.

Янаям қизиғи шундаки, айрим ҳудудларда, масалан, Лотин Америкаси мамлакатларида мазкур смартфон P9 Lite (2017) номи билан савдога чиқарилади. Ташқи кўринишидан эса бу қурилма на P8 Lite, на P9 Lite моделига ўхшамайди. У кўпроқ ўтган йилги Honor 8’ни эслатади, фақат камераси қўшалоқ эмас.

Huawei P8 Lite (2017) техник хоссаларига кўра P9 Lite’га жуда яқин, аммо Kirin 650 ўрнига янгироқ ва кучлироқ – саккиз ядроли Kirin 655 процессори ўрнатилган, худди Honor 6X моделидаги каби. Смартфоннинг асосий ўзига хосликларидан бири – унга бошиданоқ Android 7.0 Nougat операцион тизими версияси ўрнатилган ҳолда чиқарилади.

Хулласи калом, Huawei P8 Lite (2017) моделининг техник хоссалари қуйидагича:

  • 5,2 дюймли, 1920х1080 пикселли IPS-дисплей;
  • саккиз ядроли Kirin 655 процессори;
  • Mali-T830 MP2 график тезлатгичи;
  • 3 ГБ тезкор хотира;
  • 16 ГБ ички хотира;
  • microSD хотира картасини қўйиш мумкин;
  • 12 мегапикселли асосий камера, апертураси f/2,0;
  • 8 мегапикселли олд камера;
  • 4G LTE тармоғини қўллаб-қувватловчи иккита SIM-карта учун слот;
  • бармоқ изи сканери;
  • 3 000 мА/соат сиғимли аккумулятор;
  • Android 7.0 Nougat операцион тизими.

Айтиш керакки, Huawei P8 Lite (2017) Европа мамлакатларида жорий ойнинг охирида 239 евро нархида савдога чиқарилади.

Huawei смартфонларининг Тошкентдаги нархлари билан тегишли мақоламизда танишиш мумкин. Шунингдек, улардан айримларини кредит бўйича харид қилиш имкони ҳам мавжуд.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!