Qualcomm бармоқ изини сканерлашнинг мутлақо янги технологиясини яратди

  •   DiMaX
  •  1400
  •  28.06.2017 18:52

Qualcomm бармоқ изини сканерлашнинг мутлақо янги технологиясини яратди

Qualcomm Technologies компанияси олдинги бармоқ изи сканерларидан тубдан фарқ қилувчи Qualcomm Fingerprint Sensors технологиясини тақдим этди. Бу – бармоқ изларини сканерлаш учун янги авлод ультратовушли ечимидир. У олдинги авлод – Qualcomm Snapdragon Sense ID сканерлаш технологиясини кенгайтиради ва унга янги имкониятлар қўшади, дейилади компания сайтида.

Qualcomm Fingerprint Sensors таркибига қуйидагилар киради: бармоқ изларини дисплей, шиша ва металл орқасидан сканерлаш учун сенсор датчиклар, имо-ишораларни англаш датчиги ва бармоқ изларини сув остида сканерлаш имконияти, шунингдек, қурилманинг уйқу режимидан чиқиши учун датчик.

Qualcomm’нинг таъкидлашича, дисплей орқали бармоқ изларини сканерлаш имкониятига эга бўлган янги Fingerprint Sensor – бу мобил қурилмалар учун тижорат мақсадида тақдим этилувчи илк кўпфункцияли ультратовушли ечимдир. Мазкур технология 1200 мкм.гача қалинликдаги OLED-дисплейлар орқасидан бармоқ изини сканерлаб, қайд эта олади ва таққослай билади.

Шиша ва металл орқасидан бармоқ изларини сканерловчи датчиклар – тижорат мақсадларида тақдим этилган шу турдаги илк сенсорлар бўлиб, бармоқ изларини 800 мкм.гача қалинликдаги шиша ҳамда 650 мкм.гача қалинликдаги алюминий орқали ҳам пайқай билади. Бу – 400 мкм.лик шиша ёки металл орқали бармоқ изини сканерловчи олдинги авлод технологияси билан таққослаганда сезиларли даражада катта бурилиш.

Qualcomm Fingerprint Sensors датчиклари нафақат Qualcomm Snapdragon мобил платформалари таркибидаги интеграциялашган технология сифатида, балки бошқа платформалар билан ҳам қўлланувчи алоҳида датчик сифатида ишлаб чиқилган.

Кутилишича, шиша ва металл ортидан бармоқ изини сканерловчи Qualcomm Fingerprint Sensors датчиклари шу ойнинг ўзидаёқ OEM-ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилиши мумкин. Улар ўрнатилган илк тижорат қурилмалари эса 2018 йилнинг биринчи ярмида савдога чиқади. Бармоқ изини дисплей ортидан сканерловчи датчикларни эса OEM-ишлаб чиқарувчилар жорий йилнинг тўртинчи чорагида олишлари мумкин бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!