Смартфонлар нафасдан касалликка ташҳис қўйишни ўрганади

Смартфонлар нафасдан касалликка ташҳис қўйишни ўрганади

Корея илғор технологиялар институти (Жанубий Корея) олимлари чиқарилаётган нафас ҳавосини таҳлил қилишга кўмаклашадиган ультрасезувчан сенсор устида иш бошлашди. Келгусида мазкур сенсор олиб юрилувчи қурилмалар, масалан, смартфонларга ўрнатилади. Бу ҳақда PhysOrg нашри хабар бермоқда.

Инсон нафаси таркибида ўзига хос учувчан органик бирикмалар мавжуд бўлиб, улар орасида хавфли саналган водород сульфид, аммиак ва толуол ҳам учрайди. Агарда улар миқдори тўғри белгилаб олинса, қанд касаллиги, буйрак етишмовчилиги ва ҳаттоки ўпка саратонининг эрта босқичлари ўз вақтида аниқланиши мумкин. Айни пайтда тадқиқотчилар оксидли металл-яримўтказгич толаларидан таркиб топган сенсорни яратиш устида изланишлар олиб бормоқда. Унинг ёрдамида реал вақт режимида натижаларни олиш имкони мавжуд.

Сенсор фақатгина касалликларни аниқлаш учун эмас, балки бино ичи ёки ташқаридаги ҳаво сифатига баҳо бериш мақсадида ҳам қўлланилиши мумкин. Олимларнинг тасдиқлашларича, сенсор тадбиқ этилган технология турли хилдаги электрон қурилмалар: смартфонлар, гаджетлар ва ҳатто тиббий жиҳозларга жорий қилиниши мумкин.

Бемор саломатлигини текшириш учун шифохоналарга мурожаат қилиш, дейлик магнит-резонанс томография учун тўловни амалга ошириш керак. Сенсор эса маблағларни иқтисод қилишга имкон туғдиради.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!