Apple Watch $299 долларгача арзонлашди

Apple Watch $299 долларгача арзонлашди

21 март куни Apple компаниясининг Купертинодаги бош қароргоҳида ўтган тақдимот мобайнида янги талқиндаги смартфон ва планшет билан бирга, компания томонидан Apple Watch ақлли соатларининг янги боғичлар туркуми ҳам тақдим қилинди.

Шунингдек, тақдимотда “ақлли соат” нархининг $299 долларгача арзонлаштирилгани ҳам маълум қилинди. 38 мм диагоналли корпусга эга Apple Watch гаджетини компания шу кунга қадар 349 АҚШ долларидан сотаётган эди.

Компания раҳбари Тим Кукнинг таъкидлашича, Apple Watch дунё миқёсида энг кўп оммалашган “ақлли соат” экан. Фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган тадқиқотлар доирасида ҳар уч нафар фойдаланувчидан бири қурилма боғичини ўзгартириб, ўзига қулай бошқа турдаги ремешокдан фойдаланиши маълум бўлган.

Тақдимотда Apple компанияси мазкур соатлар учун яна қўшимча 3 талқиндаги боғич аксессуарларини намойиш қилди. Хусусан, XIX аср охирида Миланда ихтиро қилинган тўқима услубидаги боғичнинг замонавий, қора рангли талқини, шунингдек тўрт қатламли нейлондан ишланган нафис боғичлар “ақлли соат” фойдаланувчиларига дидларига муносиб соат тасмасини танлаш имконини беради.