LG G5’нинг сотувга чиқарилиш куни ва нархи маълум бўлди

LG G5’нинг сотувга чиқарилиш куни ва нархи маълум бўлди

Жанубий Кореянинг LG компанияси томонидан февраль ойида тақдим қилинган, 2560 х 1440 белги сиғимига эга 5,3 дюймли,  Qualcomm Snapdragon 820 процессорида ишлайдиган LG G5 смартфони 31 мартдан бошлаб сотувга чиқарилади. Бу ҳақида компания 18 март куни эълон қилган эди.

Қўшимча модуль ва аксессуарлар билан бирга ишлатиш мумкин бўлган LG G5 учун олдиндан буюртма бериш жараёни бошлаб юборилган.

Қурилманинг эркин сотувдаги нархи 600 АҚШ доллари ва уни бирор етказиб берувчи компаниядан бир йил мобайнида тўлаш шарти билан олиш ўртача 800 АҚШ долларига тушади. Бу эса унинг баҳоси Samsung Galaxy S7 edge билан бир хил ва Samsung Galaxy S7 смартфонидан  $100 доллар қиммат эканини англатади.

Қурилманинг илк харидорларига қўшимча аккумулятор, қувватлаш қурилмаси, шунингдек қувватлаш кабели ўрнида ҳам ишлатиш мумкин бўлган USB-С туридаги маълумот алмашиш порти тақдим этилади.

Шунингдек, LG G5 смартфони билан бирга намойиш қилинган унинг “дўстлари”, яъни LG Friends туркумининг қўшимча гаджетларнинг ҳам нархлари маълум қилинди.

Унга кўра, қувват манбаини 4000 мАс ҳажмгача оширадиган, ёрқин суратлар олишга хизмат қиладиган LG Cam Plus қўшимча камерасининг нархи 85 АҚШ доллари этиб белгиланган. Баъзи бир мамлакатларда эса смартфоннинг илк харидорларига мазкур камера бепул тақдим этилади.

Мусиқа ишқибозларига юқори сифатли аудиофайлларни тақдим қиладиган, B&O Play компанияси томонидан ишлаб чиқарилган LG Hi-Fi Plus қўшимча модулини сотиб олиш учун $160 доллар, ён-атрофни тўлиқ тасвирга оладиган LG 360 Cam камераси учун яна $200 АҚШ доллари тўлаш керак бўлади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.