Замонамизнинг “энг кучли процессор”ли 5 та смартфони: таъриф-тавсиф, нарх-наво  

Замонамизнинг “энг кучли процессор”ли 5 та смартфони: таъриф-тавсиф, нарх-наво  

Сўнгги йилларда смартфон ишлаб чиқариш саноатида жадал юксалишлар кузатилмоқда. Айниқса, гаджет самарадорлигида муҳим аҳамият касб этган процессорларнинг имконияти ошиб кетди. Натижада, ҳатто шахсий компьютерлар билан рақобат қила оладиган смартфонлар ишлаб чиқарилмоқда.

Самарадорлик ҳар қандай қурилманинг муҳим жиҳати. Электрон ўйинлар ихлосманди бўладими ёки веб-дизайнер барчага тезкорлик керак. Ҳозирга қадар 1866 МГц частота тезкорлигига, Adreno 530 видеопроцессорига эга LPDDR4 туридаги Snapdragon 820 жаҳоннинг энг сермаҳсул ишловчи электрон мобиль воситалар процессори ҳисобланади.

Смартфонларнинг самарали фаолиятини текшириб кўришга бағишланган кўплаб илова-дастурлар орасида AnTuTu Бенчмарк иловаси оммабоплиги боис, қуйида айни шу иловада синовдан ўтказилган энг кучли процессорга эга смартфонлар тўғрисида маълумот берамиз.

xiaomi-mi5

Xiaomi Mi5

2016 йилда Хитойда тақдим этилган энг муваффақиятли смартфонлардан бири бўлмиш Xiaomi Mi5’га хос қуйидаги 8 жиҳатни эътироф этиш мақсадга мувофиқ.

Дизайн. Шу турдаги гаджетлар каби Xiaomi Mi5 металл ва шиша уйғунлигидаги корпусга эга. Корпусда фойдаланилган ва татбиқ этилган материал ҳамда деталлар юқори сифатли бўлиб, шиша ва металл бир текис, нафис услубда мувофиқлаштирилган. Унинг янада такомиллаштирилган талқинида том қисмида керамикадан ҳам фойдаланилган.

Смартфон корпусининг равон ва қулай эгиклиги уни кафтда қулай жойлашишига хизмат қилади.

Қурилмани ўчириб-ёқиш, овозни бошқариш тугмаси корпуснинг ён томонидан ўрин олган ва улар ҳам металлдан ишланган. Экран остидан 3 турдаги клавишлар ўрин олган: 2 та экран ости чироғига эга сенсор клавиш ҳамда бармоқ излари сканери жойлаштирилган марказий клавиш. Қўшимча датчиклар ва камера, сўзлашув динамики экраннинг юқори қисмидан ўрин олган.

Экран. Девайс 5,15 дюймли IPS дисплей билан таъминланган. Унинг пикселлар сиғими 1920×1080. Экран ёғ-мойларни қочирадиган махсус пленка ҳимоя қатламига эга. Ранг узатишда ноанъанавий ранглардан фойдаланилгани туфайли баъзи суратлар Xiaomi Mi5 экранида ҳаётдагидан кўра ёрқинроқ акс этади. Бу жиҳат бошқа қурилмаларда ҳам мавжуд. Экран созламаси орқали ранглар контрастности, ёруғлигини назорат қилиб, мутолаа режимини ёқиш мумкин. Экран сенсори юмшоқ ва таъсирчан.

Самарадорлик. Юқорида айтганимиз каби, 2016 йилнинг энг кучли гаджетлари Snapdragon 820 процессорида фаолият кўрсатмоқда. Mi5 — шулар қаторида. Смартфон турли процессор тизимларига эга бир неча талқинда ишлаб чиқарилмоқда. Унинг таянч талқини 3 ГБ тезкор хотира, 32 ГБ доимий ички хотира,  Snapdragon 820: 2×1,36 ГГц + 2×1,8 ГГц частота тезлигига эга. Гаджетнинг ўрта даражадаги талқинида тезкор хотира 3 ГБ қолган, доимий хотира 64 ГБга ошган. Шунингдек, частота тезлиги ўсган: 2×1,6 +2×2,15 ГГц. Xiaomi Mi5’нинг энг юқори даражали талқинини “ўрта даража”дан 4 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий хотира ажратиб туради. Xiaomi Mi5 2 диапазонли Wi-Fi модули, Bluetooth 4.2 LE, GPS/Glonass/Beidu симсиз алоқа технологиялари билан таъминланган. Айтиш жоизки, Snapdragon 820 аввалги “аждоди” каби, бир зумда қизиб кетмайди ва совутиш тизимига эга.

Мультимедиа, алоқа қилиш. Xiaomi Mi5 қўллаб-қувватлайдиган ҳар иккала Nano SIM-карталари 3G ва 4G алоқа тармоғида бир вақтнинг ўзида ишлаши мумкин. Қурилмада Динамик овози ва вибрация ҳам, тармоқни ушлаш сифати яхши ишлайди. Аудио-файлларни ўқишда Mi5 бошқа смартфонлардан ажралиб туради.

Қувват таъминоти. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3000 мА соат. Қурилмани қувватлантиришнинг бир қанча режимлари мавжуд: 12В/1.5А, 9В/2А, 5В/2.5А. Қурилма 80 минутда тўла қувват олади. Унда қувватни тежаш режимлари ҳам бор.

Камера. Xiaomi Mi5 2 та камерага эга. Бош камера 16 Мп  бўлиб, 6 линзали объектив, икки тусли фоточақноқ, оптик барқарорлаштириш тизимига эга. 4 Мп олд камера  80 градусли объектив билан таъминланган.

Операцион тизим. Xiaomi Mi5 Android 6.0 операцион тизимининг мослаштирилган MIUI 7.2 талқинида фаолият кўрсатади. Унда “меню созламалари” ўзгарган. Унинг “хитой” ва “халқаро” прошивка талқинлари мавжуд. “Хитой” талқини инглиз ва яна 2 та хитой тилларини ўқийди. Унинг кириллица алифбосини ўқиши унчалик аниқ-тиниқ эмас. Иккинчи  талқинда эса Mi5 камроқ дастур-иловаларга эга. Унда Google дастур тиллари ва хизматлари ўрнатилган. Айтиш керакки, ҳар иккала прошивка бир қатор жузъий камчиликларга эга. Мисол учун, бармоқ излари сканерига, бош меню тугмасига бир оз тезкорлик етишмайди.

Xiaomi Mi5 халқаро бозорда 389-545 АҚШ долларидан сотилмоқда.

samsung-galaxy-s7-edge

Samsung Galaxy S7 Edge

Мазкур мобиль қурилма “Galaxy S” туркумига оид гаджетларнинг сўнгги ва энг инновацион модели ҳисобланади.

Дизайн. Гарчи, девайс экранининг диагонали 5,5 дюймгача катталашган бўлса ҳам, ишлаб чиқарувчи қурилма ихчамлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Дизайн хусусида гап кетганида алюминий корпуснинг пишиқлигини, шиша ҳимоя қатламининг мустаҳкамлигини, корпусдаги камералар бўртиғининг минимиал даражада эканини айтиш жоиз. Корпуснинг ён томонидаги бўлмачалар сим-карта ва хотира картаси ҳамда аудио қулоқчинларга мўлжалланган. Динамиклар корпуснинг қуйи қисмидан ўрин олган. Корпус сув ва чанг таъсирига чидамлиликни кафолатловчи IP68 сертификатига эга.

Дисплей. Samsung Galaxy S7 Edge экранининг пикселлар сиғими QHD, яъни 2560×1440. Super AMOLED экран технологияси сабаб ишлаб чиқарувчи смартфонда қайрилма экранлардан фойдаланган. Соҳил-экранчалари туфайли энди дисплей янада кенг. Экранга  “уйқу режими”да соат, календар, сурат ёки огоҳлантиришларни ўрнатиб қўйиш мумкин.

Аппарат платформаси. S7 Edge’нинг Exynos 8890 процессори 8 ядролидир. Уларнинг 4 таси Cortex-A57 (самарадорликни таъминлайди) ҳамда қолган 4 таси Cortex-A53 (қувват унумдорлигини таъминлайди). График-тасвирларни қайта ишлаш  Mali T880MP12 чипи зиммасига тушади. Смартфон 4 ГБ тезкор хотира (LPDDR4 туридаги), 32 ГБ (8 ГБ жойни андроид операцион тизими эгаллаган) доимий ички хотирага эга. Қўшимча хотира бўлмачаси орқали хотирани 200 ГБ гача кенгайтириш мумкин.

Мультимедиа, интерфейс. Samsung компанияси сўнгги вақтларда “Galaxy Lab” лойиҳаси доирасида смартфонлар интерфейсини такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бош меню саҳифасида иловани жойлаштириш ва менюни ўчириб қўйишни, Game Launcher каталогини шу имкониятлардан дейиш мумкин.

Камера. Гаджетнинг бош камераси 12 Мп бўлиб, LED-фоточақноқ, оптик барқарорлаштириш ва фазали автофокус билан таъминланган. Илғор фото-тизим ўта таъсирчан матрица ва f/1.7 диафрагмага эга. 5 Мп бўлган олд камерада ҳам худди шундай диафрагма мавжуд.

Қувват манбаи. Samsung Galaxy S7 Edge аккумуляторининг сиғими 3600 мА соат. Ўртача фойдаланилганда смартфон тўла қувват билан икки кун ишлайди. Тўла қувват олиш учун унга 100 дақиқа керак бўлади. Уни док-станция ёрдамида ҳам қувватлаш мумкин.

Samsung Galaxy S7 Edge халқаро бозорда талқин ва имкониятларидан келиб чиқиб, 708-1176 АҚШ долларидан сотилмоқда.

iphone-6s

iPhone 6S

Apple компаниясининг барча тақдимотлари катта қизиқиш билан кутиб олинади. Айфоннинг ҳар бир янги модели такомиллашиб, янгича техникавий тажриба маҳсули бўлиб келган. iPhone 6S смартфони ҳам iPhone 6’дан фарқ қилади.

Дизайн. iPhone 6S корпуси нисбатан қалинлашиб, вазни ҳам ортгани сезилади. Корпусни тайёрлашда космик саноатда фойдаланилувчи алюминий 7000 туридаги металлдан фойдаланилган. 6S’нинг йиғилиши ҳам сифатли амалга оширилган.

Унинг корпуси 7.3 мм қалинликда, бўйи 158.2 мм ҳамда эни 77.9 мм бўлиб, смартфон вазни 192 граммни ташкил қилади. Гаджет айни кунда энг кўп оммалашган қимматбаҳо телефонлар қаторидан ўрин эгаллаган.

Дисплей. iPhone 6S дисплейининг диагонали 4,7 дюйм бўлиб, 750×1334 пиксель сиғимига эга. Дисплей махсус плёнка ва ҳимоя шиша қатламига эга бўлиб, унда 3D Touch чертиш ҳамда Display Zoom тасвирни яқинлаштириш технологиялари жорий қилинган.

Самарадорлик. Девайс 2 ядроли, 64 битли Apple A9 бош ҳамда М9 ёрдамчи процессорларида ишлайди. Компаниянинг маълумотларига кўра, мазкур процессорда самарадорлик аввалгиларига қараганда 70 %га ошган. Қурилмада тезкор хотира 2 ГБ, доимий хотира 16, 64 ёки 128 ГБ.

Қувват таъминоти. iPhone 6S аккумуляторининг сиғими iPhone 6S’да камайиб, 1715 мА соатни ташкил қилмоқда. Аввалги сиғим 1810 мА соат бўлган. Шу билан бирга, қурилма тезкор қувватлаш технологиясига эга.

Мультимедиа, алоқа, камера. Гаджет LTE алоқа технологиясининг 23 диапазони ва 4G LTE стандартини, шунингдек Wi-Fi (2.4Gh/5Gh) 802.11 b/g/n/ac симсиз алоқани қўллаб-қувватлайди. Бош камера 12, олд камера 5 МП суратлар олади. Бош камерада ҳозирча HD видео ёзиш мумкин. Кичкина ишлаб чиқарувчилар ҳам Full HD’ни татбиқ этаётган бир маҳалда Apple’нинг бу борада шошмаётгани қизиқ.

Операцион тизим. iPhone 6S гаджети iOS 9 опреацион тизимида фаолият кўрсатади. Айни пайтда уни 9.0.1 талқинга янгилаш мумкин.

Халқаро бозорда iPhone 6S имкониятларидан келиб чиқиб, 623-2000 АҚШ долларигача сотилмоқда.

huawei-mate-8

Huawei Mate 8

2016 йил 6-9 январь кунлари Лас-Вегасда ўтган Электроника истеъмолчилари кўргазмасида намойиш этилган Mate 8 “жаҳоннинг энг кучли смартфони” дея эътироф этилган Mate 8 технологик қурилмалар синовида Samsung Galaxy S7 смартфонини ҳам ортда қолдирган.

Дизайн. Huawei «темир ниқобли» флагманини ишбилармонларга мўлжаллаб, тўла бизнес-смартфон услубида яратган. Смартфоннинг 6 дюймли корпуси тўла металлдан ишланган. Корпус ҳошиясига махсус шиша билан жило берилган. Телефоннинг орқа панели жилосиз металлдан ишланган. Смартфон чиройли, ҳашамдор ва пишиқлиги билан кўзни қувонтиради.

Телефон аппаратининг дисплейи унинг олд панелининг 83% қисмини эгаллаган.  Гаджетнинг ўлчамлари: 157мм x 80мм x 7.9 мм. У 185 грамм вазнга эга.

Дисплей. Huawei Mate 8 фаблети 1920×1080 пиксель сиғимига эга 6-дюймли IPS (LCD – қаттиқ кристалли дисплей) туридаги Full HD дисплейга эга. Гаджетнинг рангли гаммасини мустақил созлаш мумкин.

Платформа. Mate 8 смартфони 8 ядроли, энг узоғи билан 2,3 ГГц частотада ишлайдиган HiSilicon Kirin 950 процессори, 3 ГБ тезкор ҳамда 32 ГБ қўшимча хотирага эга. У 132 ГБ.гача бўлган қўшимча хотирани қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, фаблетда кучли Mali-T880 MP4 график процессори ҳамда сенсор-датчиклардаги маълумотларни қайта ишлайдиган  i5 ёрдамчи процессори мавжуд.

Мобиль восита Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг мослаштирилган, дисплейдан 2 экранли режимда фойдаланиш мумкин бўлган EMUI 4.0 талқинида ишлайди.

Қувват таъминоти. Гаджет 4000 мА соат ток сиғимига эга. Тезкор қувватлаш функциясига эга фаблет аккумулятори 2 соат ичида тўлиқ  қувват олади. Бу катта тезкорлик ҳисобланади. Мисол учун, iPhone 6s Plus 2900 мА соат сиғимли қувват тошини тўла қувватлантириши учун 3 соатдан ошиқ вақт керак. Тўла қувватлаб, ўртача 3 кун фойдаланиш мумкин.

Камера. Mate 8 камераси алоҳида жиҳатларга эга. Бош камера учун ҳозир оммалашаётган, муайян ўзгариш автофокусига эга, ёруғликни қабул қилиш диафрагмаси f/2.0 бўлган 16 мегапикселли Sony IMX298 объективи ўрнатилган. Олд камерада 8 мегапиксель сиғимигача бўлган сурат олиш мумкин.

Оптик барқарорлаштириш тизими ёрдамида камеранинг олган суратлари аниқ-равшанлиги билан диққатни тортади. Шунингдек, овозни бошқариш тугмасини икки марта босиш орқали камерани бир зумда ишга тушириш мумкин.

Мультимедиа, алоқа. Huawei Mate 8 гаджети Wi-Fi 2.4G/5G, BT 4.2, BLE, NFC каби симсиз алоқа технологияларини қўллаб-қувватлайди. У 2G, 3G ва 4G алоқа тармоқларида ишлайди. Навигация учун GPS/A-GPS, ГЛОНАСС, BDS технологиялари мавжуд. Шунингдек, смартфонда бармоқ излари сканери, Холл датчиги, ёруғлик ва тортишиш датчилари, компас, барометр, акселерометр каби сенсорлар мавжуд.

Қурилма халқаро бозорда имкониятларига қараб 451-841 АҚШ долларидан сотилмоқда.

meizu-pro-5

Meizu Pro 5

Дизайн. Корпус металл ва пишиқ Gorilla Glass шишасининг 3 авлодидан тайёрланган. Унинг устки ва қуйи қисмида пластик уламалар ҳам мавжуд.

Дисплей. Экран диагонали 5,7 дюймли бўлиб, сиғими 1080х1920 пиксель. Ҳар дюймда 387 белги. Экран кўзни олувчи шуъладан ҳимоя қилувчи қопламага эгалини муҳим жиҳат. Дисплей Samsung’нинг SuperAMOLED матрицасида ишлайди.

Самарадорлик. Meizu Pro 5 мобиль алоқа воситаси Samsung компаниясининг 8 ядроли, 64 битли Exynos 7 Octa (Exynos 7420) процессорида фаолият кўрсатади.

Алоқа, мультимедиа. Meizu Pro 5 гаджети 2 та Nano сим-картани қўллаб-қувватлайди. Улар 3G ва 4G’да ишлайди. Шунингдек, NFC (яқин масофада туриб алоқа ўрнатиш) технолгиясининг мавжудлиги ҳам смартфоннинг ўзига хосликларидан бири. Қурилмада Bluetooth 4.1 LE, Wi-Fi (ac ва b/g/n) dual-band Wi-Fi (2.4ГГц/5ГГц), USB Type-C универсал порти (маълумотларни сақлаш ва қувватлаш учун) мавжуд.

Қувват таъминоти. Meizu Pro 5 ажралмас аккумуляторга эга. Унинг қувват сиғими 3150 мА соат. Уни тўла қувватлаб, ўртача режимда 2 кун ишлатиш мумкин. Аккумуляторни тезкор қувватлаш ҳам мумкин.

Камера. Pro 5’нинг 6 линзали бош камераси 21,16 Мп бўлиб, F2.2 туридаги диафрагмага эга. Олд камера — 5 Мп.

Операцион тизим. Флагман Android 5.1 тизимининг мослаштирилган Flyme 4.5.4 талқинида ишлайди.

Meizu Pro 5 имкониятларидан келиб чиқиб,  халқаро бозорда 366-592 АҚШ доллардан сотилмоқда.