Samsung дунёда биринчи бўлиб UFS форматли хотира карталарини тақдим этади

Samsung дунёда биринчи бўлиб UFS форматли хотира карталарини тақдим этади

Хотира карталарини ўқувчига таништиришнинг ҳожати йўқ, 15-20 йилдирки, биз учун сувдек заруриятга айланиб улгурди. Бироқ сўнгги йиллар ичида карталар тубдан ўзгармади, фақат ҳажми ошди. 4K-контент оммалашуви ва узатиш тезлиги ортганини ҳисобга олиб Samsung компанияси хотира картасининг янги форматини ишлаб чиқди. Эслаб қолинг: янги формат Universal Flash Storage (UFS). UFS картани юқори сифатли сурат олувчи мобиль қурилмаларда, 3D камера ва экшн камерада, шунингдек, квадрокоптерда ишлатиш мумкин.

Бундай карталарнинг маълумот ўқиш тезлиги SSD дискларникига тенглашади – 530 МБ/с. Бу сон microSD форматли энг яхши карта тезлигидан беш баробар ортиқдир. Кетма-кет ёзиш тезлиги эса 170 МБ/с бўлиб, microSDга нисбатан 2-3 марта тезроқ.

Samsung таъкидлашича, 256 ГБ ҳажмли янги UFS карта маълумотни ўқишда сониясига 40 минг киритиш-чиқариш операциясини бажаради. Бу кўрсаткич microSDникидан 20 марта ошиқроқ. Маълумот ёзишда эса киритиш-чиқариш операциясини бир сонияда 35 мингта бажаради ва microSD картадан 350 баробар устунликка эришади.

Айтиб ўтиш лозимки, янги карта ўлчами microSD ўлчамига тенг. Яқин келажакда “Самсунг” ўз қурилмаларига янгича карта ўрнатиб чиқаришини башорат қилиш қийин эмас. UFS карта 256, 128, 64 ва 32 ГБ версияларда чиқади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.