Samsung Galaxy Note 7’нинг тақдимот кунини маълум қилди

Samsung Galaxy Note 7’нинг тақдимот кунини маълум қилди

Samsung компанияси 13 июль куни ўзининг навбатдаги – Galaxy Note 7 фаблетининг расмий тақдимот кунини маълум қилди. Унга кўра, фаблет 2 август куни Нью-Йоркда намойиш қилинади.

Янги, инновацион флагман фаблети – Galaxy Note 7 тўғрисидаги миш-мишлар, хабарлар фойдаланувчиларга жуда катта ваъдалар бераётгандек, гўё. Фаблетда жорий қилиниши кутилаётган энг ёрқин технология, шубҳасизки унда кўзнинг рангдор пардаси сканеридир.

Galaxy Note 7 фаблетида 5,7 (ёки 5,8) дюймли Super AMOLED платформали, QHD (2560 x 1440 пиксель) сиғимли дисплей, 256 ГБ маълумотни сиғдира оладиган microSD қўшимча хотира бўлмачаси мавжуд бўлади.

12 мегапикселли бош камера фазали автофокус, оптик барқарорлаштириш, LED фоточақноқ билан таъминланади. Фаблетнинг олд камераси 5 МП сиғимли сурат олади.

Унинг тезкор қувват олиш ва симсиз қувватлаш технологияси билан таъминланган, 4000 мА соат ток сиғимига эга аккумуляторга эга илғор гаджет бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу қувват билан унда 20 соатлик видеони ўта ёрқин рангда ва тўхтовсиз томоша қилиш мумкин бўлади.

Galaxy Note 7 дизайни хусусида интернет тармоғида Франциянинг  NowhereElse нашри томонидан эълон қилинган, аммо расман тасдиқланмаган суратлар орқали бир оз тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Фаблет металл ва шиша уйғунлигида тайёрланган корпусга эга бўлади.

Унинг муҳим жиҳати корпус олд панелининг юқори қисмида кўзнинг рангдор пардасини сканер қилиш орқали телефон тизимига киришига рухсат берувчи сенсорнинг мавжудлиги бўлди. Мазкур датчик орқали “ақлли телефон”ни юздан 25-35 см узоқликда тутиб, текширувдан ўтиш талаб этилади. Шунда экранда пайдо бўлган икки нафар доира кўз қорачиғини сканер қилади.

Шу билан бирга, мобиль алоқа воситасида бармоқ излари сканери ҳам мавжуд бўлади.

Galaxy Note 7 корпуси IP68 стандартига эга бўлиб, сув ҳамда чанг таъсирига чидамли бўлиши айтилмоқда.

GSMArena нашри муаллифларининг маълумот беришича, фаблетнинг дисплейи қайрилма, яъни соҳил-экранларига эга бўлади. Шунингдек, унда USB Type-C туридаги универсал порт ҳам мавжуд.

Смартфон 6 ГБ тезкор хотира, Exynos 8893 ёки  Snapdragon 821 процессорлари билан таъминланади. Galaxy Note 7 Android Marshmallow операцион тизимининг энг сўнгги “Grace UX” талқинида фаолият кўрсатади.

Ferra.ru нашри тарқатган хабарда айтилишича, мазкур фаблет расмий тақдимот куни сотувга чиқарилади.  Норасмий маълумотга кўра, Galaxy Note 7 бозорга тахминан 800-900 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқарилади.

Буларнинг барчасига 2 август кунида бўлиб ўтадиган тақдимотда ойдинлик киритилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.