Дазмол танлашни биласизми?

Дазмол танлашни биласизми?

Бир қарашда дазмолда мураккаб ва ғаройиб хусусиятлар йўқдек. Тўғри-да, кийимни силлиқлашда ишлатиладиган иссиқ темирга оид қандай янгиликлар бўлиши мумкин? Аммо бугунги дазмоллар кечагидек эмас. Матони текисловчи бир парча ялтироқ темирга қанчадан-қанча қўшимча функциялар қўшилган. Бу гал оддий, аммо турмушимизда ўрни беқиёс ушбу буюм ҳақида ҳикоя қиламиз ва маслаҳатлар берамиз.

Тахланадиган дазмол

Тахланадиган дазмол

  1. Дазмол турлари

Анъанавий замонавий дазмолга буғ генератори ўрнатилган бўлади. Дағалроқ матони буғ пуркаб дазмоллаш мумкин. Бунинг учун дазмоллашдан олдин идишчасига бир оз сув қуйиб олиш керак. Буғ пурковчи дазмоллар дўконларда сероб.

Буғ пуркагичи алоҳида дазмол. Бу тоифа дазмолларни оддийгина қилиб буғ генераторли деб аташади. Бундай дазмолнинг буғ етказувчи қисми ўзида эмас, алоҳида жойлашгандир. Улар ичак орқали бирлаштирилади. Одатда, буғни кучли ва бир текисда узатади. Асосан, катта матоларни, хусусан, чойшаб, ётоқхона қопламалари ва бошқа материалларни тез-тез дазмоллайдиган кишиларга керак.

Йўл учун дазмол. Анъанавий дазмолнинг кичикроғи. Ўлчами ва вазни оз, чамадонда кўп жой эгалламаслиги учун дастаси букланади. Сўнгги вақтда йўл учун дазмолларнинг ҳам буғлисини учратиш мумкин. Бир қултумгина сув қуясиз, тамом.

Йўл учун дазмол

Йўл учун дазмол

Симсиз дазмол. Анъанавий дазмолга ўхшайди, аммо розеткадан эмас, таглигидан (асос станцияси) исийди. Биргина афзаллиги иш вақтида халақит берувчи сими йўқлигидир. Аммо тез-тез тагликда иситиб олиш талаб этилади. Дазмоллайдиган кийимингиз кам бўлса, бу айнан сизга мос.

Симсиз дазмол

Симсиз дазмол

  1. Вазни ва ўлчамлари

Дазмол танлаш вақтида қўлингизда бир муддат тутиб кўринг – қулайлигига, қўлингизни толиқтирмаслигига амин бўлсангиз, сотиб олинг.

Албатта, йўл учун дазмоллар энг ихчамидир. Кўп жой эгалламайди, вазни 1 кгга бормайди (одатда 0,5-0,7 кг).

Анъанавий буғли дазмолларнинг вазни 1,8 кггача бўлади, аммо у оғир, шунинг учун 1,5 кггача бўлганини тавсия этамиз. Сафарга олиб кетишга катталик қилади, уйда сақласангиз бошқа гап. Симсиз дазмолларнинг вазни ва ўлчами анъанавий дазмолларникига ўхшашдир.

Буғ пуркагичли дазмол вазни 0,8-1,4 кг атрофида. Иши дазмоллаш билан боғлиқ кишилар учун айни муддао, аммо сувқозони ва қутисини алоҳида ўрнатиш учун қўшимча жой керак. Қолаверса, қурилма тўла вазни 5 кгга яқин тош босади.

  1. Қуввати

Дазмол электр печкаси эмас, ватти баландига учманг. 2000 Вт етарли, у тез қизийди ва яхши дазмоллайди. 1500 Втли дазмолни қизитишга эса бир оз кўпроқ вақт сарфлайсиз. Агар тез-тез дазмолламасангиз, ўртача қувватли дазмол танланг.

Йўл учун харид қиладиган дазмолингизнинг қуввати 1 кВт бўлса етарли.

Буғ пуркагичли дазмол (буғ генератори) қуввати одатда 2 кВтдан бошланиб, 3 кВтгача етиши мумкин. Бу сувқозон босимини бир маромда тутиш ва текис дазмоллаш учун зарурдир.

  1. Асоси қандай материалдан бўлгани маъқул?

Муҳими газлама устида силлиқ сирпанувчан бўлсин. Бундан ташқари тугмалар, сидирма тугма (замок), пистон-қулфчалар сиртини тирнай олмасин. Умуман олганда, сифатли дазмоллаши ва ўзига ҳам, матога ҳам шикаст етказмаслиги лозим.

Алюминий асосли дазмоллар унча қиммат бўлмайди. Ҳарорат режимига ҳушёр ёндашиш лозим, бу тарафлама анча нозик. Тирналишга чидамсиз, чунки алюминий жуда юмшоқ металлдир. Афзалликлари – тозалаш осон, вазни енгил ва тез қизийди.

Зангламас (нержавейка) металл асосли дазмоллар жуда кенг тарқалган. Улар секин қизийди, аммо афзалликлари кўп: тозалаш осон, сирти ойнадай силлиқлиги учун матода яхши сирғалади, юзаси тирналмайди.

Керамика ва металлокерамиканинг афзаллиги ҳатто ўта юқори ҳароратда ҳам яхши сирғалишидир. Дазмолланаётган материалга сира ёпишиб қолмайди. Осонгина тозаланади. Жиддий камчилиги мўртлигидир, ташишда эҳтиёт бўлиш керак. Металлокерамикали дазмол бир қадар мустаҳкамроқ бўлади.

Керамика асосли дазмол

Керамика асосли дазмол

Ҳозирда дазмолларнинг асоси шиша керамика, тефлон, титандан ясаляпти. Улар бир-биридан ўнғай: аъло даражада сирғалади (айниқса, тефлон), матони куйдирмайди ва ёпишиб қолмайди (иссиқлигича мато устида қолдирмасангиз, албатта), ишлатиш енгил, тирналишга чидамли. Металл тугма ё бирор нарса қадалган матони тефлон асосли дазмол билан силлиқлашда эҳтиёт бўлиш лозим.

Маслаҳат. Ипак, синтетика ва бошқа нафис матоларни дазмоллаш учун остида насадкаси бор дазмол харид қилинг. Айниқса, асоси алюминий ёки зангламас металлдан бўлса тавсиямизга амал қилинг.

  1. Қандай ҳароратда дазмоллаш керак?

Бу дазмолланадиган мато турига боғлиқ. Кўплаб дазмолларнинг корпусида ҳарорат ростлагич бўлади. Одатда, унда ҳарорат эмас, мато тури ҳамда энг юқори ва энг паст ҳарорат (Min ва Max) кўрсатилади. Мана энг кўп учрайдиган матоларнинг ҳарорат режимлари:

Зиғирпоя, пахта толаси ва зиғирпоя аралаш мато – 210-230°С

Пахта – 150°С

Шойи – 130°С атрофида

Вискоза — 120-130°С

Полиэстрли пахта – 110°С

Корпусида умуман ҳарорат ростлагичи йўқ дазмоллар ҳам учраб туради. Бу баъзи буғ пуркагичли дазмолларга хос. Унинг ҳарорат созламаси универсалдир: асос металл 130-140°Сгача қизийди ҳамда кучли буғ ёрдамида энг дағал матоларни ҳам дазмоллаш имкони яралади. Бу турдаги дазмолларга OptimalTemp ёки iCare билан Braun технологияли Philips моделларини мисол келтириш мумкин.

  1. Буғ функцияси нима?

Ҳозирда буғсиз дазмол ишлатилмайди, ҳисоб. Юқорида айтганимиздек, буғ дазмол корпусида ёки алоҳида уланган сувқозончада вужудга келтирилади ва асосдаги тешикчалар орқали пуркалади. Тешикчалар сони қанча кўп бўлса, буғ мато сирти бўйлаб шунча текис пуркалади. Сифатли дазмолларда тешиклар сони юздан ортиқ бўлади. Буғ ёрдамида энг “итоатсиз” матоларни ҳам осонгина дазмоллаш мумкин.

Дазмолда буғни мунтазам узатиш режими бўлади. Узатилган буғ миқдори дақиқасига граммларда ўлчанади. Замонавий дазмолларда бу кўрсаткич 20 гр/дақиқадан бошланади. Агар ғижим материалларни тез-тез дазмоллайдиган бўлсангиз, дақиқасига 40-50 гр буғ пуркайдиган моделлардан олишни тавсия қиламиз. Буғ интенсивлигини ростлаш воситаси бўлса – нур устига аъло нур. Бундан ташқари, буғ миқдори автоматик тарзда ростланадиган дазмоллар ҳам бўлади.

Буғ генераторли дазмолларда мунтазам буғ пуркаш интенсивлиги бир дақиқада 100-200 грамм бўлиши мумкин.

Буғ зарбаси қисқа вақт мобайнида юқори босим билан матога буғ ҳайдашдир. Мато жуда ғижим ва қайишқоқ бўлса, буғ зарбаси юбориб силлиқланади. Корпусидаги тугмани босиш йўли билан зарба юборилади. Буғ зарбаси интенсивлиги маиший дазмолларда дақиқасига 70-200 граммгача боради. Буғ генераторли дазмолларда бу кўрсаткич 450 гр/дақиқагача етади.

Буғ зарбаси

Буғ зарбаси

Айрим дазмоллар вертикал буғлаш режимида ишлай олади. Бунинг учун дазмолни горизонтал ҳолда тутиш шарт эмас, тик ҳолатда ушлаганча пардани, осилган матоларни ёки эгнингиздаги кўйлак ғижимини тезгина текислашингиз мумкин. Бу режим буғни жуда катта босим билан узатиб ҳосил қилинади. Айрим дазмолларда вертикал режими ёзилган бўлади, аммо ишламайди. Шунинг учун текшириб олиш керак.

  1. Дазмолнинг сувқозончаси

Замонавий дазмолда албатта сувқозонча бўлади. Сув сиғими турлича: русумига қараб 150 млдан 500 млгача боради. Буғ генераторларида 2 литргача етади. Сув қозонининг чети шаффоф бўлган дазмолни танлашни маслаҳат берамиз, чунки сув ҳажмини назорат қилиш қулай.

Бундан ташқари, сув қуйиш тешикчаси жуда тор бўлмаслиги керак ҳамда корпуснинг қулай тарафида жойлашуви лозим.

  1. Қўшимча функциялари

Автоматик ўчиш. Энг замонавий дазмолларни токдан ўчиришни унутсангиз ҳам катта фалокат келтирмайди. Бир муддатдан сўнг дазмолнинг ўзи ўчади. Агар горизонтал ҳолда 30 сониядан ортиқ ёниқ қолса, ўзи ўчади. Вертикал ҳолда қолиб кетса, 8-10 дақиқада (русумига қараб) ўчади. Дазмолнинг қўлингизга тутсангизгина қизийдиган турлари ҳам бор. Автоматик ўчиш функцияси ғоят муҳим хусусиятдир, харид қилишда буни, албатта, ҳисобга олинг.

Сув пуркаш. Айрим матоларни дазмоллашдан олдин намлаб олсангиз, иш енгил кечади. Бунда дазмолнинг ўзи сизга кўмаклашади: тегишли тугмани босасиз, қарабсизки, олд қисмидан сув сепилади. Қулай ва фойдали, шундай эмасми?

Томчидан сақловчи тизим. Айрим матоларга дазмоллашда сув томиб хунук из қолдиради. Томчидан сақловчи тизим паст ҳароратда қуруқ дазмоллаш чоғида матога сув томишидан асрайди.

Томчидан сақловчи тизим

Томчидан сақловчи тизим

Асосини кирдан тозалаш. Дазмол кўп ишлатилса, металл асоси кирланиб қолади. Тозалашнинг энг самарали йўли махсус тозаловчи кассета, стержендан фойдаланишдир. Анъанавий дазмол ва буғ генераторларининг барчасида бу ҳолат кўзда тутилган. Водопровод суви ва кассета ёрдамида, тахминан ойига бир марта металл сирти тозаланади.

Ёки бўлмаса, металл стержен ёрдамида қасмоқ сидириб олинади. Стерженни тозалаб яна ишлатаверасиз, аммо бир марта ишлатиладиган турлари ҳам учрайди. Агар дазмолни қасмоқдан тозаловчи қўшимча ашёси бўлмаса, махсус тозаловчи суюқликдан фойдаланинг. Бундай суюқлик савдода бор.

  1. Эргономикаси ва қулайлиги

Дазмол қулай шаклда бўлиши керак, токи ишлаганда қўл тез толиқмасин. Сотиб олишдан аввал қўлингизда қандай ўрнашишини, дастаси сирғанмаслиги ва сими халақит бермаслигини текшириб кўринг.

Дазмол дастаси очиқ ва ёпиқ турда бўлиши мумкин. Қайси бири қулайлигини ўзингиз танлаганингиз маъқул. Баъзи дастаси очиқ дазмоллар вертикал турмагани учун айримлар хуш кўрмайди.

Дазмолнинг симига ҳам эътибор бериш керак. Иш силлиқ кечиши учун сим 2-2,5 метрча бўлгани яхши. Ундан узуни халақит беради. Симсиз дазмоллар учун бу хусусият аҳамиятсиз.

Симнинг дазмол корпусига уланиш шаклига эътибор беринг. Соққасимон тарзда уланган бўлса 360 градусга эркин бурилади ва сим ўралашиб қолиши эҳтимоли камаяди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!