Компаниялар “имзоси”га айланган муваффақиятли мобиль телефонлар

Компаниялар “имзоси”га айланган муваффақиятли мобиль телефонлар

Мобиль алоқа воситаси, телефон ва смартфон ишлаб чиқарувчи ҳар бир компания тарихида муваффақиятни бошлаб берган, жаҳон эътиборини қозонган ўзининг “ташриф қоғози” бўлади. Бу телефонлар илғор жиҳатлари билан ўз вақтида мобиль алоқанинг кейинги ривожини таъминлаган.

Қуйида эътиборингизга мобиль компаниялар тарихидаги энг яхши телефон аппаратларини ҳавола қиламиз.

 

Apple iPhone

Apple корпорациясининг юзига айланган маҳсулот, бу – айфон. Тўғри, илк ишлаб чиқарилган телефонни “ақлли” дейишга тил бормаган. Бироқ, кейинчалик бу ном жаҳон смартфон бозорини ривожлантирган рақобатни ҳаракатлантирувчи кучга айланди.

iPhone 2007 йилнинг 9 январида компания раҳбари Стив Жобс томонидан MacWorld Expo кўргазмасида намойиш этилади.

Бугун ҳам айфон жаҳон смартфонларининг сардори ҳисобланади. Компаниянинг ҳар тақдимоти катта қизиқиш билан кутилади.

Айниқса, 2010 йилда намойиш этилган iPhone 4 компаниянинг илк халқаро эътироф этилишига хизмат қилди. Apple бу айфонда жозибали дизайн ва аниқ-тиниқ Retina-дисплей, марказлашган процессор, сифатли камерани жам қила олди — бу ҳақиқий техно-мўъжиза эди.

Компаниянинг 2016 йилда маълум қилишича, 2015 йилнинг октябридан декабрига қадар рекорд даражада – 74.8 миллион дона айфон сотишга муваффақ бўлинган. Маълумотларга қараганда, Ер юзидаги ҳар 7 кишидан биттасига 1 дона айфон тўғри келади.

 2

BlackBerry Bold 9700

Канадалик телекоммуникация ишлаб чиқарувчиси бўлмиш BlackBerry компанияси QWERTY – сенсор экран ва клавиатура уйғунлашган бошқарувдаги смартфонлари билан тилларга тушди.

Шу билан бирга, BlackBerry харидорлари ва фойдаланувчиларга таклиф этган илк илғор хизматларни ҳам унутмаслик керак. Биринчи навбатда, унинг ахборот хавфсизлиги таъминланган, ишончли смартфони, хусусан Bold 9700 ҳозирга қадар ҳам шуҳратини йўқотмаган. Шу боис, ҳозиргача ҳам давлат раҳбарлари ва йирик ишбилармонлар мазкур бренд телефонларидан фойдаланишади.

2009 йилда фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинган Bold 9700’нинг 3.2 мегапикселли камераси LED фоточақноққа эга бўлган.

Экспертларнинг маълум қилишича, компаниянинг Android смартфонлар ишлаб чиқариш ҳақидаги сўнгги қарори унинг нуфузига путур етказмоқда.

3

HTC Desire

HTC компаниясининг муваффақиятли тарихи HTC Hero билан бошланган бўлса,  2010 йилда тақдим этилган HTC Desire смартфонлар туркуми бу омаднинг шукуҳини янгилашга эришди. Мазкур смартфон шу йилнинг энг яхши смартфони деб эълон қилинди.

2010 йилнинг «Бестселлери» сифатида HTC Desire энг кўп сотилган мобиль телефонлар рўйхатининг 3-поғонасидан жой олган. Хусусан, 2014 йилнинг март ойида сотувга чиқарилган HTC Desire 816 фаблети 10 дақиқа ичида 50 минг дона сотилган. Уни олиш учун эса 1 миллион киши рўйхатдан ўтган эди.

Шу билан бира, Windows Mobile туркумидаги HTC HD2 смартфони ҳам компания мижозларининг ишончни оқлади.

4

LG G2

LG, гарчи жаҳоннинг таниқли технология ишлаб чиқарувчиси бўлса ҳам, узоқ вақт давомида смартфон бозорида ўзининг “имзоси”га эга бўла олмади. Компания ажабтовур кўринишдаги, энг ғалати гаджетларни ҳам намойиш қилди. Аммо, барчаси омадсизлик билан якун топди.

Ниҳоят, 2013 йилнинг августида намойиш қилинган LG G2 Android смартфонидан сўнг компания бу борада ҳам нимадир янгилик қила олишига бошқаларни ишонтира бошлади.

LG G2 – корпус ёнлари тугмалардан холи бўлган нафис смартфон. Унинг барча бошқарув тугмалари корпус орқа панелидан жой эгаллаган эди.

2013 йилнинг сентябридан декабрига қадар жаҳон бўйлаб 3 миллион дона G2 смартфони сотилган. Шундан 900 мингтаси кореяликларнинг ўзидан ортмаган.

Кўпчилик компания ишлаб чиқарган Nexus 5 мобиль алоқа воситасини ҳам эътироф этади. Аммо, Nexus 5 муваффақияти — бу кўп жиҳатдан унинг буюртмачиси бўлмиш Google’ники ҳисобланади.

5

Motorola RAZR V3

Motorola компанияси ҳақида икки оғиз фикр билдириш истагидаги киши компаниянинг 2004 йилдан ишлаб чиқара бошлаган RAZR V3 буклама телефонини эсга олади. Телефон ўзига хос дизайни билан тезда оммалашди. Металл пластинали клавиатура ва электролюминантли клавиатура ости чироғи билан у кўпчиликка гўёки келажак алоқа воситаларини эслатиб юборди.

Яқин кунларгача ҳам унинг турли моделлари бозорда оммабоп эди. Forbes журнали RAZR туркумини жаҳонинг энг оммалашган мобиль телефонлари сифатида қайд этган. Бугун ҳам кўпчилик шу шаклдаги буклама смартфонлар орзусида юрса ажаб эмас.

6

Nokia 3310

Ҳааа! Финландиялик ишлаб чиқарувчи Nokia’нинг телефон саноатидаги довруғи ахборот технологиялари тарихи саҳифасидан ўрин олган бўлса ҳам, кўпчилик ҳануз унинг телефонлари сабаб яралган гўзал хотиралар, мулоқотларни илиқ таассурот билан эслайди. Хусусан, бу жаҳонда Nokia 3310 телефон аппаратини танимайдиган одамни топиш қийин. Албатта, бугунги ёшларни ҳисобга олмаганда.

Компания айни шу қурилмаси туфайли ҳам муваффақиятли даврини бошлади. Nokia 3310 имкониятлари сабаб кўпчилик бошқа брендларнинг маҳсулотларидан воз кечган.

2000-йилнинг тўртинчи чорагида тақдим этилган телефон аппарати жаҳон бўйлаб 126 миллион дона сотилган. Жаҳонда бошқа бирор оддий телефон модели бу қадар кўп сотилган эмас.

7

OnePlus One

Сўнгги вақтларда OnePlus бренди ҳақида яхши гап-сўзлар юрибди. Ўз вақтида компания OnePlus One гаджети орқали хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчиси ҳам жаҳон андозаларига мос алоқа воситасини ишлаб чиқара олишини исботлаган.

2014 йилда “флагманлар кушандаси” лақаби остида таништирилган “ақлли телефон”нинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, OnePlus One орқали кўпчилик яхши смартфон доим ҳам қиммат бўлмаслигини англаб етган. У 299 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган.

Компаниянинг Forbes’га берган маълумотига кўра, апрелдан ноябрь ойига қадар 500 минг дона OnePlus One қурилмаси сотилган.

Samsung Galaxy S3

Бугунги жаҳон смартфон бозорининг яққол пешқадами бўлган Samsung Electronics’нинг “муваффақият тарихи” ибтидосига ҳали у қадар ҳам кўп бўлмаган.

2012 йилнинг 3 майида Лондонда намойиш этилган Samsung Galaxy S3 Жанубий кореялик ишлаб чиқарувчи ҳам бозор учун муносиб Android смартфони тайёрлашга қодирлигини намоён этган.

Android смартфонлари орасида ўша даврда мазкур қурилмачалик оммалашган бошқа гаджетни топиш мушкул бўлган.

Samsung Galaxy S3 ҳануз турли модификацияларда сотилаётган муваффақиятли смартфон. Samsung ушбу чиройли, кўп функцияли “ақлли” телефони орқали илк маротаба смартфон бозорида Apple’га чинакам рақиб пайдо бўлганини эслатиб қўйди.

Гаджет 2012 йилнинг 29 майида сотувга чиққан бўлса, Samsung мазкур – 2-чоракнинг ўзида 6,5 миллион дона Samsung Galaxy S III смартфонини сотиб, тарихида илк маротаба рекорд даражада – $4,5 млрд фойда кўради.

Бир йил орасида 50 миллионга яқин Galaxy S III сотилган.

Эҳтимол, сиз Galaxy Note, компаниянинг илк фаблетини ҳам юқори баҳоларсиз. Уни ҳам муваффақиятли гаджетлар қаторига қўшиш мумкин.

9

Siemens SL45

Германиялик ишлаб чиқаруви ҳисобланган, бугунги авлодга у қадар ҳам таниш бўлмаган Siemens’да ҳам ўзининг омадли даври бўлган. Айниқса,

2000-йилда тақдим этилган SL45 эълон қилингач, жаҳон аҳли илк маротаба телефон аппарати мисолида немисча сифат ва ўзига хосликнинг гувоҳи бўлди.

Илк MP3-плеер функцияси ва MMC қўшимча хотира бўлмачасига эга бўлган Siemens SL45

ўша даврнинг “айфони” бўлган: уни сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмаган.

 

Sony Ericsson K750i

Япониянинг Sony Mobile Communications Inc компанияси бугун қанча ҳаракат қилмасин, аммо телефон аппарати бозоридаги ўзининг аввалги шуҳратини такрорлай олаётгани йўқ. Ҳатто, бугунги “Xperia” туркуми ҳам Sony’га Sony Ericsson K750i аппарати олиб келган муваффақиятни бера олмаяпти. Сифатли экран, сифатли камера, мусиқий имкониятлар — тарихда Sony телефонларини рақибларидан ажратиб турган жиҳатлар бўлган.

2005 йилда тақдим этилиб, шу йилнинг ўзидаёқ  бестселлер гаджетга айланади ва 2 мегапикселли камераси эвазига “йилнинг энг яхши камерафони” номига сазовор топилади.

Хулоса

2000 йилларда мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчилар сони бир неча ўнтани ташкил қилган бўлса, айни кунда улар сони 100 дан ошади. Бизни қачонлардир мўъжизадек туйилган технологиялари билан ҳайратлантирган баъзи компаниялар бугун мазкур бизнесдан чиқиб кетишган. Уларнинг ўрни эса янгича тасаввур ва эҳтиёж маҳсули бўлган смартфон ишлаб чиқарувчиси билан тўлмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.