Кондиционердан тўғри фойдаланишни биласизми?

Кондиционердан тўғри фойдаланишни биласизми?

Кондиционернинг вазифаси нима? Ҳавони салқинлатиш, қўшимча функцияси бўлса, уйни иситиши ҳам мумкин. Биз унинг электрни кўп сарфламаслиги, узоқ хизмат қилишини истаймиз. Бунинг учун terabayt.uz тавсия этадиган маълум қоидаларга амал қилишингиз лозим бўлади.

  1. Эшик ва деразаларни ёпиб юринг

Кондиционерни берк муҳитда ишлатган афзал. Ойна ёки эшик очиқ турса, ташқаридан илиқ ҳаво киради ва кондиционер зўриқиб ишлайди. Бунда техниканинг умри қисқаради, токни кўп сарфлаб ҳамёнингизга зарар келтиради.

  1. Кондиционернинг олди бўш қолсин

Кондиционердан чиқадиган ҳавога тўсиқ бўлмаслиги керак. Шунинг учун бирор хона буюмининг ортига кондиционерни ўрнатманг (ўрнатувчи мутахассис маслаҳатига қулоқ осинг). Кондиционердан чиқадиган ҳаво оқими хонада текис айлансин.

  1. Ички блокини қуёшдан асранг

Кондиционернинг ички блокига қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушишига йўл қўйманг. Бунда ҳарорат датчиклари хато ишлайди, натижада техника керагидан ортиқ интенсивликда ишлай бошлайди. Оқибат, ҳавони ортиқча совутиб юбориши натижасида хонадагилар шамоллаб қолиши мумкин.

Умуман, ҳар қандай совутиш техникасига қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушмаслиги керак. Бу қоида музлатгичга ҳам тегишли.

  1. Ташқаридаги ҳароратни ҳисобга олинг

Кондиционердан совутиш ва иситиш (агар шундай функцияси бўлса) режимида фойдаланмоқчи бўлсангиз, ташқаридаги (ташқи блок жойлаштирилган) энг паст об-ҳаво даражаси қўлланмасида кўрсатилган бўлади. Кондиционернинг “ҳарорат режими”га қатъий амал қилинг, акс ҳолда техника бузилиши ҳеч гап эмас.

  1. Ўз вақтида хизмат кўрсатишни унутманг

Кондиционер хонага ўрнатибоқ эсдан чиқариладиган буюм эмас. У эътибор талаб қилади. Йилда бир ё икки марта (интенсив ишлатган бўлсангиз) сервис ишларини бажариш керак. Бунга ташхис (диагностика), сарфловчи моддаларини (хладагент) алмаштириш киради.

Сертификацияси бор компания ёки ишлаб чиқарувчи вакиллари хизматидан фойдаланинг. Бу кондиционерингизнинг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди.

  1. Фильтрларини тозалаб туринг

Ҳамма ишни ҳам профессионаллар бажариши шарт эмас. Ҳаво фильтрига ўрнашиб қолган чиқиндилардан ўзингиз тозаласангиз бўлади. Бу амалиётни бир неча ойда бир такрорлайсиз. Хомаки тозалаш фильтрини (фильтр грубой очистки) илиқ сувда ювиб, қуритиб яна жойига ўрнатиб қўйинг.

Агар унда сизга нотаниш фильтрлар учраса, фойдаланиш қўлланмасини ўқинг –тозалаш усули ёзилган. Фильтр тозаланмаса, ҳаво ҳайдаш қуввати сусаяди, дренаж тизими қаттиқ ифлосланса, ички блокдан сув оқиб кетади.

  1. Ташқи блокнинг ҳам ўз ташвишлари бор

Кондиционер узоқ хизмат қилсин десангиз, ташқи блок устига қор ва ёмғирдан ҳимояловчи соябон ўрнатинг, атрофини панжара билан ўранг.

Ташқи блок ҳам ички блок сингари эътиборталабдир. Одатда, фирма мутахассислари иккаласига бирдек хизмат кўрсатади.

  1. Кондиционерни қишда дам олишга тайёрланг

Кондиционерни қишки танаффусга ҳозирлаш – алоҳида юмуш. Ташқаридаги совуқ ҳарорат техниканинг айрим қисмларига нохуш таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор, шунинг учун мутахассис хизмати ёки маслаҳатидан фойдаланганингиз дуруст.

Мутахассис нима қилади?

  • Хладагентни ташқи блокка ҳайдайди.
  • Кондиционер тасодифан ишга тушиб кетмаслиги учун вақтинча қувватни узиб қўяди.
  • Ташқи блоки устига уй томидан муз бўлаклари ёки сумалаклар тушиб шикастлантирмаслиги учун ҳимоя чорасини кўради.

Мустақил ҳолда кондиционерни қишга тайёрламоқчи бўлсангиз, қуйидагиларни эсда тутинг:

  • Электр токини узинг.
  • Кондиционерни аввал нам, сўнг қуруқ мато билан артинг (артса бўладиган жойларини).
  • Фильтрини тозаланг.
  • Кондиционерни қуритишни унутманг, иситиш режими бўлса, 30-40 дақиқа ёқиб қўйинг, сўнг шамоллатиш (вентиляция) режимини ишлатинг.
  • Ички ва ташқи блокларида нимаики чиқинди бўлса, тозаланг.
  • Бошқарув пультининг батареясини чиқариб олинг.

Агар кондиционер қиш киришидан олдин қуритилмаса, ичи пўпанак босади. Вақти етиб ишга туширганингизда хона ҳавосига ёқимсиз ҳид ва касаллик бактериялари тарқалади.

  1. Агар қишда ҳам кондиционердан фойдаланмоқчи бўлсангиз, тайёргарлик кўринг

Кондиционердан қишда ҳам совутиш мақсадида фойдаланмоқчи бўлсангиз, қишки комплект олиш керак, у ташқарида ҳарорат минус бўлганида самарали ишлашига ёрдамлашади.

Кондиционернинг қишки комплекти қуйидаги элементлардан иборат:

Конденсация босимини ростлагич. У двигатель айланишини ростловчи вариатордир.

Компрессор картерининг иситкичи. Совуқ ҳароратда мой қуюқ тортади, кондиционерни ишлатишдан аввал эса уни суюлтириш лозим.

Дренаж найчасининг иситкичи. Сувни чиқарувчи тизим узлуксиз ишлаши учун зарурдир.

  1. Кондиционердан қишда иситиш учун фойдаланиш тавсия этилмайди

Айрим кондиционерларнинг иситиш режими бўлади. Гарчи кондиционерингиз қишки шароитга мосланган бўлса-да, совуқ фаслда фойдаланишни маслаҳат бермаймиз. Ҳаво ҳарорати пасайган сари унинг иш унумдорлиги номиналдан камаяверади.

Кондиционернинг иситиш режимидан мавсумлар алмашиниш оралиғида фойдаланишни тавсия этамиз. Одатда, ноябрь ойларида ҳаво салқин, аммо марказий иситиш тизими ҳали ишга туширилмаганда кондиционерда уйни иситиш мақсадга мувофиқдир.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.