Энг хавфсиз ва йирик аккумуляторли флагман тақдим қилинди

Энг хавфсиз ва йирик аккумуляторли флагман тақдим қилинди

Хитойнинг Gionee компанияси Пекинда 5.5 ҳамда 6 дюймли янги M6 ва M6 plus флагман смартфонларининг тақдимотини ўтказди. “Ақлли телефон”лар Gionee’нинг Marathon ‘M’ туркумининг “давомчилари” бўлиб, уларда ҳам асосий эътибор аккумуляторнинг имкониятларига қаратилган. Жумладан, Gionee M6 сиғими 5,000 мА соат, M6 Plus эса 6,020 мА соат электр токини жамлайдиган қувват тошларига эга.

Gionee M6 флагмани зарурат туғилганда ташқи қувват аккумулятори вазифасини ҳам бажаради. 1.2A универсаль адаптери бошқа қурилмаларга қувват бериш тезлигини айни пайтдаги ташқи аккумуляторларга қараганда 20 фоизгача ошира олади.

Gionee

Ишлаб чиқарувчининг даъво қилишича, M6 айни пайтда жаҳоннинг энг хавфсиз смартфони. Боиси унинг хитойча талқинига фойдаланувчининг мобиль телефонидаги шахсий маълумотларини шифрлайдиган махсус процессор ўрнатилган.

M6’нинг халқаро талқини бармоқ излари сканери, шахсий маълумотларни ҳимоялаш ва зарарли дастурлардан ҳимоя қилиш функциялари билан таъминланган.

5.5 дюймли Gionee M6 тўлиқ алюминий металлидан тайёрланган корпусга ва 2.5D шаклидаги шишали экран ҳошиясига, full HD (1920 x 1080 пиксель) сиғимли, AMOLED платформасида ишлайдиган экранга эга. Унинг корпус қалинлиги 8.2 мм. Гаджет бўйига 152.3, энига 75.3 мм.

Флагман смартфон MediaTek MT6755 процессори, 4 ГБ тезкор хотира, 64 ГБ доимий ички хотира, 128 ГБ.гача қўшимча хотирани ўқийдиган microSD хотира бўлмачаси билан “қуроллантирилган”.
Gionee M6 гаджетининг бош камераси учун 13 мегапикселли Sony IMX 258 сенсори, 8 МП сиғимли олд камера танланган.

Мобиль телефон Android 6.0 Marshmallow’нинг мослаштирилган Amigo 3.2 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Gionee M6 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлайди.

Gionee президенти Уилям Лунинг маълум қилишича, 14 йилдан буён смартфон бозорида фаолият кўрсатаётган компания технологик илғорлик ва мижозлар манфаати учун хизмат қилмоқда. Gionee M6 мана шу мақсад маҳсули бўлиб, ундаги дастурий ва аппарат таъминот маҳсулотлари, қулайликлар фойдаланувчининг бахтиёрлигига хизмат қилади.

Халқаро бозорга Gionee M6’нинг 128 ГБ доимий хотирага эга талқини $440, 64 ГБ талқини $400 доллардан, тилларанг ва бронза рангли корпусларда сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.