Xiaomi Mi Max: ҳамёнбоп нархдаги улкан смартфон

Xiaomi Mi Max: ҳамёнбоп нархдаги улкан смартфон

2011 йилда Samsung компанияси тақдим этган Galaxy Note туркумидаги илк “улкан”, 5.3 дюймли смартфон кўпчиликнинг кўзга телевизор бўлиб кўринган бўлса ажаб эмас. Аммо бугунга келиб йирик экранли “ақлли курилма”лар кўпчиликнинг ҳайратини қўзғамай қўйган.

Қуйида биз сизга 6.44 дюймли экранга эга мобиль алоқа воситаси тўғрисида маълумот бермоқчимиз. Ҳа, йирик дисплейли Xiaomi Mi Max металл смартфони кўплаб инновация ва имкониятларни ваъда қилмоқда.

Тақдим этилган вақти: 2016 йил, Май

Ишлаб чиқарувчи: Xiaomi Inc. (Хитой Халқ Республикаси)

Xiaomi Mi Max: бағри кенг смартфон

Xiaomi Mi Max – экран диагонали 6,44 дюйм бўлган жуда катта гаджет. Унинг ёнида ҳаттоки 5,2 дюймли Mi5 флагмани ҳам ўйинчоққа ўхшаб кўринади. Уни кафтга қўйиб, ягона қўлда бошқариш мумкин эмас. Аммо гаджетда “ягона қўлда бошқариш” функцияси мавжуд.

Дизайн

Металл корпуснинг олд панели маркетологлар тилида айтганда 2,5D туридаги бўртма шиша татбиқ этилган дисплейдан иборат. Кунора қулоғимизга “2,5D шиша” деган замонавий атама чалиниб қолади. Бу тушунча экран шишасининг шаклига нисбатан ишлатилади. Мисол учун, эгик ёки қайрилма соҳилга эга экранли телефонларда 3D туридаги шишадан фойдаланилади. Булар қаторига LG G Flex 2, Galaxy S6 Edge смартфонларини киритиш мумкин.

Xiaomi Mi Max корпусининг ён томонлари ва орқа панели металлдан тайёрланган. Орқа панелнинг симсиз сигналларни қабул қиладиган қисмига пластик улоқ ётқизилган.

Корпуснинг ён томонидан ёқиш/блокировка қилиш ҳамда овозни бошқариш тугмалари жой олган. Орқа панелда бармқо излари сканери датчигини кўриш мумкин. Бармоқ излари сканери аниқ ва тезкор ишлаши бўйича фойдаланувчиларнинг эътирофига сазовор бўлган. Корпуснинг қуйи қисмида анъанавий Micro-USB порти ва карнайлар учун жой ажратилган.

Экран ҳошияси бўйлаб ётқизилган оқ ромлар нафис ва гаджет дизайнига ҳашам бағишлаб турибди.

Xiaomi Mi Max бўйига 173.1 мм, энига 88.3 мм. Қурилма 203 грамм тош босади, унинг корпус қалинлиги 7,5 миллиметр.

Экран

6,44 дюймли экран IPS LCD матрицасига эга. Унинг пикселлар сиғими 1920х1080 белгига тенг. Ҳар дюймда 342 пиксель.

Экраннинг ёруғлик заҳираси ҳам юқори даражада бўлиб, ёзнинг энг ёрқин кунида ҳам ташқари шароитда экрандан ортиқча соя ва хираликларсиз фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, ёруғлик балансини қўлда ҳам мустақил созлаш мумкин. Қурилмадан фойдаланишнинг илк кунларида матрица атрофидаги қора ром титраши мумкин. Бироқ кўп ўтмасдан бу ҳолат тўхтайди.

Дисплейда тасвир юқори даражали аниқликда кўринади. Экран ёғ-мой, бармоқ излари таъсирига чидамли хусусиятга эга Gorilla Glass 4 туридаги ҳимоя шишаси билан қопланган.

Дисплейда 2 ва ундан ортиқ чертиш даражасига кўра ишлай олиш тизими, яъни Multitouch сенсор тизими ўрнатилган.

Платформа

Xiaomi Mi Max аппарати 4 модификацияга эга талқинда ишлаб чиқарилмоқда:

Snapdragon 650 (2 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 2 ГБ тезкор хотира + 16 ГБ доимий ички хотира;

Snapdragon 650 (2 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 3 ГБ тезкор хотира + 32 ГБ доимий ички хотира;

Snapdragon 652 (4 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 3 ГБ тезкор хотира + 64 ГБ доимий ички хотира;

Snapdragon 652 (4 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 4 ГБ тезкор хотира + 128 ГБ доимий ички хотира.

Платформанинг график-тасвир маълумотларини қайта ишлаш учун Adreno 510 ёрдамчи процессори масъул.

Xiaomi Mi Max Android OS, v6.0 (Marshmallow) операцион тизимининг мослаштирилган талқинида  фаолият кўрсатади.

Қурилмада мавжуд 2 та гибрид SIM карта бўлмачасидан бирини microSD қўшимча хотира бўлмачаси сифатида фойдаланиш мумкин. У 256 гигабайтгача бўлган флешкани қўллаб-қувватлайди.

Смартфоннинг 2 ГБ тезкор хотира + 16 ГБ доимий ички хотирага эга талқини AnTuTu мобиль қурилмаларнинг самарадорлик тизимини баҳолаш бенчмаркида синовдан ўтказилганида, мазкур Mi Max деярли 70 000 балл тўплаган. Натижа Samsung Galaxy S6 флагманиники билан тенг!

Интерфейс

Тизим интерфейси, иловалари равон ишлайди. Full HD роликларни ҳам йирик экранда узлуксиз кўриш мумкин. Қурилмада ҳужжатларни таҳрир қилиш, браузер тизимларидан қийинчиликсиз фойдаланиш мумкин.

Mi Max гаджети Snapdragon 650 процессори ёрдамида ўз вазифасини ҳеч бир камчиликсиз ва узилишларсиз адо этади. Агар сиз электрон ўйинларнинг ашаддий мухлиси бўлсангиз, унда Mi Max’нинг 8 ядроли 652 процессорига эга талқинини харид қилинг.

Кўпчилик фойдаланувчиларнинг фикрига кўра, бу “ақлли телефон”да тобора оммалашаётган NFC, яъни яқин масофада тўловни пластик карточкасиз амалга ошириш технологиясининг татбиқ этилмагани катта камчилик сифатида баҳоланмоқда.

Мулоқот жараёнида ҳам карнайлардан фойдаланиш мумкин. Аудио қулоқчинлар учун корпусда 3.5 мм стандарт коннектор мавжуд. Унинг овоз ва аудио узатиш тизими ҳам фойдаланувчиларни мамнун қилмоқда.

Камера имкониятлари

Xiaomi Mi Max 16 МП сиғимда суратга олувчи бош камера билан таъминланган. Унинг диафрагма ўлчами f/2.0. Яъни, бу илғор диафрагма бўлиб, ёруғликни қамраб олиш имконияти юқори. Бош камера икки тусли LED фоточақноқ, фазали автофокус,  сифатни текшириш, манзилни аниқлаш, фокусни белгилаш, қиёфани аниқлаш каби тизимларга эга. Олд камера 5 МП бўлиб, унинг диафрагмаси ҳам f/2.0.

Мазкур камераларда олинган суратларга ўзингиз баҳо беринг.

Тўғриси, бу нархдаги смарфтоннинг 16 мегапикселли камерасидан бундан ортиғини кутиш хато. Камера тизимида фокуслашда сусткашлик ва ноаниқлик кузатилади. Яқиндан сурат олишда ҳам бир оз хиралик кўзга ташланади.

«Камера» иловасининг интерфейси автоматик режимда суратга олганда янада қулай.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, смартфоннинг 5 мегапикселли камерасида аниқ-тиниқ селфи суратлар олиш мумкин. Кундуз куни ва ёруғлик етарли вазиятда олинган суратларда майда деталларгача акс этади.

Қувват манбаи

Йирик смартфон учун мустаҳкам қувват манбаи керак бўлади. Xiaomi Mi Max флагмани электр токи сиғими 4850 мА соат бўлган ажралмас аккумуляторга эга. Унинг ёрдамида Mi Max гаджетини эрталабдан кечгача тиндирмасдан ишлатиш мумкин. Фаол режимда бу қувват унга 1,5 кунга етади.

Дисплейни максимал даражадаги ёруғликка созлаб, смартфонда 6 соат тўхтовсиз замонавий график ўйинларни ўйнаш мумкин. Full HD режимида эса 6,5 соат узлуксиз видео кўриш мумкин. Бу катта натижа, албатта.

Коммуникация

Xiaomi Mi Max симсиз алоқанинг 4G (LTE Cat.6), 3G, Wi-Fi (IEEE 802.11 b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, IrDA, GPS, ГЛОНАСС, NFC тармоқларида фаолият кўрсатишга мўлжалланган.

Шунингдек. унда инфрақизил нурлар орқали маълумот алмашиш порти, FM радио тизимлари, microUSB маълумот алмашиш порти мавжуд.

Бошқа муҳим жиҳатлари

Xiaomi Mi Max’да бармоқ излари сканери, акселерометр, гироскоп, масофа-оралиқ, компас сенсорлари, HTML5 браузери, Java                No тизими, сурат ва ҳужжат таҳрирлаш функциялари жорий қилинган.

Нарх-наво

Snapdragon 650 (2 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 2 ГБ тезкор хотира + 16 ГБ доимий ички хотира –  250 АҚШ доллари.

Snapdragon 650 (2 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 3 ГБ тезкор хотира + 32 ГБ доимий ички хотира – 270 АҚШ доллари.

Snapdragon 652 (4 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 3 ГБ тезкор хотира + 64 ГБ доимий ички хотира – 310 АҚШ доллари.

Snapdragon 652 (4 ядро 1,8 ГГц + 4 ядро 1,2 ГГц), 4 ГБ тезкор хотира + 128 ГБ доимий ички хотира – 390 АҚШ доллари.

Хулоса

Йирик экранли смартфонларни кўтариб юришга ҳар ким ҳам журъат қила олмайди. Модомики, сиз ўзингизга  6,44 дюймли бағри кенг қурилма керак деб ҳисобласангиз, унда Xiaomi Mi Max сизбоп экан.

Asus ZenFone 3 Ultra, Huawei P8 Max унинг смартфон бозоридаги рақиблари ҳисобланишади.

Xiaomi Mi Max – смартфон ишқибозлари учун катта диагоналли чинакам мўъжиза. Гаджет металл корпус, самарадорлик, бармоқ излари сканери, сифатли экран ва ишончли қувват манбаи билан мақтана олади. Аммо, Huawei’дан ташқари Хитойнинг бошқа смартфон ишлаб чиқарувчиси ҳали бирор марта юқори даражадаги суратлар олувчи камераси билан халқаро фойдаланувчиларни ҳайратга сола олгани йўқ.

Доимгидек, сўнгги танловни ўз ихтиёрингизда қолдирамиз! Бозорингизни берсин! Саҳифа сиз учун фойдали бўлган бўлса, facebook саҳифамизга аъзо бўлинг ва саҳифани улашинг.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.olx.uz $310 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!