18:9 экранли Xiaomi Redmi 5 (Plus)’нинг ҳақиқий суратлари тарқалди

18:9 экранли Xiaomi Redmi 5 (Plus)’нинг ҳақиқий суратлари тарқалди

Xiaomi яқинда ўзининг энг ҳамёнбоп смартфони – Redmi 5A моделини тақдим этган эди, унинг камерасида суратга олинган расмларниям эълон қилганмиз. Энди эса, бу компания шу туркумдаги иккита моделнинг чиқарилиши кутиляпти – Redmi 5 ва Redmi 5 Plus. TENAA сайтида бугун сурати жойланган қурилма шулардан бири бўлиши мумкин, деб ёзади gagadget.com сайти.

Ҳамёнбоплар туркуми

Xiaomi Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus смартфонлари MET7 ва MEE7 (ёки тескари тартибда) индексларига эга. TENAA сайтидаги суратда MET7 версияси акс эттирилган. Унинг экрани чўзинчоқ – томонлари ўзаро 19:9 нисбатда. Олд панелида сенсор тугмачалари йўқ, бармоқ изи сканери эса орқа панелга жойлаштирилган. Орқа панелнинг ўзи металлдан, фақат тепа ва пастки қисмларида пластик ўрнатмалари бор.

TENAA базасида ҳозирча бу смартфоннинг хусусиятлари ҳақида маълумот берилмаган. Бошқа миш-мишларга қараганда, Plus-версиясига 1440x720 пикселли сиғимга эга 5.7 дюймли дисплей ўрнатилади. Унинг процессори Snapdragon 450, тезкор хотираси 3/4 ГБ, доимий хотираси эса 16/32 ГБ ҳажмли бўлиши кутилмоқда. Асосий камераси 16+5 мегапикселли қўшалоқ, селфи-камераси эса 12 мегапикселли модулга эга бўлади.

Хуллас, Xiaomi Redmi 5 ва унинг «плюсли» талқини борасида аниқ маълумот йўқ, инсайдерлар ҳам иккаласини чалкаштириб юборишяпти.

Қачон чиқади?

«Хитойча Apple» ҳамёнбоп Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus моделларини «Бўйдоқлар куни»гача чиқариши кутилмоқда. Айни шу арафада Xiaomi Mi6’нинг «енгил» талқини ҳам чиқаётгани ҳақида хабар берганмиз.

11 ноябрда нишонланадиган шу маҳаллий байрам олдидан Хитойда кўпчилик компаниялар кенг кўламдаги чегирмалар жорий этишади. Xiaomi сентябрь ойининг ўзида 10 миллион дона смартфон сотган ва энди йилнинг охиригача компания 100 миллион қурилма сотишни режалаштирган. Шундай экан, ҳозир янги моделларни тақдим этишнинг айни пайти.

Дарвоқе, Redmi 5 ва Redmi 5 Plus смартфонларининг нархлари 150 АҚШ долларидан бошланиши тахмин қилинмоқда. Хусусиятлари шунга яқин бўлган рақобатчи – Honor 7x девайсининг нархи эса 198 доллардан бошланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.