2 янги смартфон яхши сотилаётган телефонлар сафига қўшилди

2 янги смартфон яхши сотилаётган телефонлар сафига қўшилди

Смартфон бозорида янгиликларнинг оқими тобора кучайиб бормоқда: янгилари келади, эскилари арзонлашади, бирор телефон билан муаммо келиб чиқади ва бошқа янгиликлар. Таниқли GSMArena нашри смартфон бозоридаги 10 та энг яхши девайсларни аниқлашга қаратилган ўзининг навбатдаги ойлик сўровини тақдим этди. 2018 йилнинг июнь ойи ўрталарига келиб яқинда тақдим қилинган Xiaomi Mi 8 ҳамда Nokia X6 моделлари ҳам жаҳоннинг яхши сотилаётган смартфонлари қаторидан ўрин эгаллади.

Манбанинг маълум қилишича, 2018 йилнинг 18 июни ҳолатида жаҳоннинг энг яхши сотилаётган ва қизиқиш юқори смартфонлари орасида биринчи ўрин Xiaomi Redmi Note 5 Pro моделига насиб қилиб турибди. Бу смартфон ҳамёнбоп нарх эвазига максимал даражада техник имкониятларни тақдим қилади.

Redmi Note 5 Pro модели 1.8 Ггц частота тезлигига эга, 64 битли ва 8 ядроли Snapdragon 636 процессор ва 6 гигабайтли доимий хотира билан таъминланган. Айтиш керакки, Snapdragon X12 LTE мобил алоқа модеми Xiaomi Redmi Note 5 Pro'даги алоқа сифати учун масъул бўлган инновацион аппарат таъминотидир. Айни пайтда бу девайс юртимизда 2 198 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Иккинчи ўрин эса Xiaomi Mi 8 флагманига насиб қилган. Android смартфонлари орасида илк маротаба юзни 3D Face ўлчамида сканерлаш технологиясига эга бўлган мазкур телефон айни пайтда яхши сотилмоқда. Mi 8 моделидаги 6,21 дюймли AMOLED дисплейнинг пикселлар сиғими 2248 x 1080 га тенг. У энг самарадор ҳисобланган Qualcomm Snapdragon 845 процессорига, кучли камераларга эга бўлган.

Ўқинг: Mi 8 тақдим қилинди: нарх борасида компания ваъдасида турди

Кучли учликни ҳамёнбоп Samsung Galaxy J6 якунлаб берган. Galaxy "J" туркумининг мазкур мобил алоқа воситаси 5.6 дюймли AMOLED Infinity display экранига эга бўлган. Экран ҳошияларидан маҳрум бўлгани эвазига, унда тасвирни томоша қилиш янада қулай. Бироқ, пикселлар сиғими флагманларники каби эмас, аниқроғи 1280 х 720 пикселли. Смартфон фаолияти учун 8 ядроли процессор масъул. Девайсга 2/3/4 гигабайтли тезкор ҳамда 32/64 (доимий хотирани кенгайтириш учун microSD бўлмачаси мавжуд) доимий хотира картаси ўрнатилган.

Тўртинчи ўринда эса OnePlus 6 модели турибди. Xiaomi Mi 8 билан таққослаб кўрганда, бу девайс техник жиҳатдан бир оз орқада қолиб кетди. Бироқ, "кимгадир ёқар лола ..." деганлари каби, уни ҳам харид қиладиганлар бор. Ҳозирда энг кучли Андроид процессор бўлмиш Snapdragon 845 чипига ҳамда 8 гигабайтли тезкор хотирага эга бўлгани билан ўзига хос смартфон 6.28 дюймли, 1080x2280 пиксел сиғимли экран матрицаси Super AMOLED экранга эга бўлган.

Етакчи бешликдан Xiaomi Redmi S2 модели ҳам ўрин олган. Айрим мамлакатларда ушбу модел "Redmi Y2" номи билан ҳам сотилмоқда. Ушбу смартфон Redmi Note 5 Pro моделининг такомиллашган талқини бўлиб, бу модел техник жиҳатдан кучайган ҳамда илғор фотокамерага эга бўлган. Смартфон платформаси учун ўрта имкониятли Snapdragon 625 процессори жавобгар. Девайснинг 3/4 гигабайтли тезкор хотирасия, шунингдек 32/64 гигабайтли доимий хотираси маълумот сақлаш учун айни муддао.

Рейтингнинг олтинчи қатори Samsung Galaxy A6+ (2018) моделига насиб қилган. Яқинда сотувга чиқарилган девайсга жамоатчилик қизиқиши ҳозирча юқори. Galaxy A6+ модели 1,8 ГГц частота интервалида ишлайдиган чипга эга бўлган. Унинг асосий камераси эса 16 ва 5 мегапикселли иккита объективни ўз ичига олган.

Еттинчи ўринда Nokia X6 турибди. Ҳозирча Хитойда бу гаджет яхши сотилмоқда. Нархи 205 доллардан бошланувчи бу девайс ҳозирда Хитойда талаш бўлиб сотилмоқда.

Саккизинчи ўринда Xiaomi Redmi 5 Plus (Redmi Note 5) модели бор. Redmi 5 Plus ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун. Унинг 5,99 дюймли экрани FullHD+ сиғимли. Бу модел юртимизда 1 225 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.


Тўққизинчи ўрин Oppo F7 моделига теккан. Бу модел iPhone X флагманига жиддий рақиб. Нархи 500 АҚШ доллари атрофида.

Кучли ўнликдаги сўнгги ўринда Samsung Galaxy J7 Prime модели турибди. Яъни, бренднинг энг яхши ҳамёнбоп телефонларидан бири. Galaxy J7 Prime 3300 мА/ст сиғимли батареяга эга, у 8 ядроли 1,6 ГГц частотадаги процессор ёрдамида ишлайди. Телефонга 3 ГБ тезкор хотира, 8 МПли олд ҳамда светодиодли чақноқ ва автофокусга эга 13 МПли асосий камера ўрнатилган. Galaxy J7 Prime 5,5 дюймли FHD экран билан таъминланган.

Айни пайтда Galaxy J7 (2017) туркумига мансуб ҳамёнбоп смартфонни Terabayt.uz дўконидан 1 830 000 сўмдан бошлаб харид қилиш мумкин.

Ўқинг: Samsung Ҳиндистонда Galaxy J7 Prime ва Galaxy J5 Prime моделларини тақдим этди

Рейтингдаги смартфонларнинг тўрттасининг экранида таниқли кесиқ борлигини ҳисобга олсак, одамларга бундай ечим маъул келган кўринади.