2018 йил смартфонлари: ақлбовар қилмас технология энди ҳақиқат

2018 йил смартфонлари: ақлбовар қилмас технология энди ҳақиқат

Смартфон ишлаб чиқарувчилари сони ортиб боргани сайин, бу йўлдаги янги функция ва технологияларга ажратиладиган сармоя миқдори ҳам ошиб бормоқда, пул тикадиганлар кўпаймоқда. Бу эса гаджетларда қачонлардир ақлга сиғмас жиҳатларнинг татбиқ қилинишига замин яратмоқда.

2017 йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, бу йил смартфонлар учун "ромдан холи экран" йили бўлди дейиш мумкин. Девайслардаги самарадорлик ҳам сезиларли равишда ошди. Яқиндагина 2018 йилнинг смартфонлари аввал фақат орзу қилиш мумкин бўлган бир фантастик жиҳатга эга бўлиши маълум қилинди.

Бунда ўтган ҳафтада тақдим қилинган Qualcomm Snapdragon 845 процессори муҳим рол ўйнайди. Унинг самарадорлиги аввалги чиплардан кўра 30% га юқори. Мисол учун, Xiaomi Mi 7, Samsung Galaxy S9, LG G7, Essential Phone 2, OnePlus 6 ва бошқа ўнлаб смартфонлар эгалари Bluetooth ёрдамида бир вақтнинг ўзида овозни 2 та бошқа-бошқа гаджетда тинглаш имконига эга бўладилар.

Qualcomm компанияси дастурчилар учун аллақачон махсус API дастурлаш протоколини эълон қилди.Энди мусиқани бир вақтда аудио-қулоқчинда, колонка, мусиқий тизим ва бошқа овоз узатиш девайсларида тинглаш мумкин бўлади.

Ҳозирда мусиқани Bluetooth ёрдамида овозни фақат биргина радиокарнайда тинглаш мумкин. Яъни, телефон бу карнайга уланади ва овозни тарата бошлайди. Бир қанча аудио-карнай ишлаб чиқарувчилар, жумладан JBL компанияси тақдим қилаётган илғор технология бир нечта симсиз аудио-карнайлардан бир вақтнинг ўзида товуш таратиш имконини яратиб беради. 2018 йил девайсларидаги Snapdragon 845 ана шундай инновацион ечимни таклиф қилади.

Айнан шу мақсадда америкалик Qualcomm корпорацияси AQustic номли махсус аудиокодекни ҳам эълон қилган. Бунинг ёрдамида смартфон узатаётган овоз сифати, смартфоннинг овоз ёзиб олиш сифати, шунингдек овозни таниш технологияси янада такомиллашади.