2018 йили iPhone X’нинг махсус «камбағалбоп» версияси чиқади

  •   DiMaX
  •  4821
  •  24.11.2017 17:49

2018 йили iPhone X’нинг махсус «камбағалбоп» версияси чиқади

Apple компаниясининг iPhone X суперфлагмани мутлақо янгича смартфондир – у ўзгача дизайн, Super Retina ромсиз экрани, Face ID юз сканери ҳамда бошқа кўплаб бетакрор хусусиятларга эга. Бироқ унинг нархи ўта юқори эканлигини инобатга олиб, купертинолик гигант 2018 йили «камбағаллар учун» махсус iPhone X версиясини чиқармоқчи, деб ёзади AKKet нашри.

Rosenblatt Securities компаниясининг таҳлилчиси Джун Чжан сўзларига кўра, смартфонсозлик борасида янги босқични бошлаб берган «юбилей айфони»га дунё бўйича миллионлаб қизиқувчилар бор, лекин унинг нархи кўпчиликни ўйга толдиради. Айнан шунинг учун ҳам, Apple мазкур қурилманинг соддалаштирилган махсус талқинини бозорга чиқаришга қарор қилган.

ЎҚИНГ: «Малика»да iPhone X ва бошқа айфонларнинг сўмдаги нархлари (2017 йил 24 ноябрь)

Умуман олганда, арзонлаштирилган iPhone X ҳам оригинал талқиннинг бир нусхаси бўлади, аммо муайян жиҳатлари фарқланади. Хусусан, ҳозирги суперфлагмандаги OLED-экрандан фарқли равишда, янги қурилмага классик IPS-экран ўрнатилади. Шунингдек, корпусининг материали сифатида жарроҳлик пўлати эмас, балки алюминий қотишмаси қўлланади. Бу эса янги девайснинг таннархи анча арзонга тушишига хизмат қилади ва уни харид қилишга кўпчиликнинг қурби етадиган бўлади.

Apple’нинг янги телефони бошқа жиҳатлари билан оригинал iPhone X’дан фарқ қилмайди. Ушбу модел асосан Хитой ва Ҳиндистон бозорларига, шунингдек, кўпчилик аҳолининг даромади унча юқори бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бозорларига мўлжалланган.

ЎҚИНГ: Келаси йили 6,5 дюймлик iPhone X Plus чиқади

2018 йилнинг охирларигача Apple компанияси бирданига учта смартфонни бозорга чиқариши кутилаётир. Улардан иккитаси iPhone X’нинг турли диагонал ўлчамли OLED-экранга версиялари бўлса, учинчиси мана шу – «камбағалбоп» талқини бўлиши мумкин. Унинг дисплейи замонавий смартфонсозлик нуқтаи назаридан сал эскирган, аммо ромсиз IPS-экран, корпуси эса алюминий ва тобланган шишадан ишланган бўлади.

Мазкур маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган, аммо агар шу рост бўлиб чиқса, Хитойдан онлайн савдо платформалари орқали буюртма бериб ҳам харид қилиш имкони туғилади.

ЎҚИНГ: AliExpress’да буюртма қандай расмийлаштирилади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!