2020 йилда Ердаги камералар сони 1 млрд.га етади

2020 йилда Ердаги камералар сони 1 млрд.га етади

Ахборот технологиялари ёрдамида Ер сайёраси энг осуда маконга айланиб бораётган бўлса, ажаб эмас. Жумладан, "ақлли шаҳар", "хавфсиз шаҳар" сўзлари охирги вақтда бизнинг ҳам қулоғимизга таниш бўлиб қолди. Жаҳон тажрибасида мазкур сўзлар замирида ички ишлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар каби тизимларнинг ахборот-коммуникация технологиялари орқали ўрнатилган ўзаро муштарак алоқалари ётади.

Компьютер технологиялари учун видео-карта ва процессорлар ишлаб чиқарувчи Американинг Nvidia компанияси шу кунларда "Metropolis AI" -- сунъий онг тизими платформасига уланган "ақлли шаҳар" лойиҳаси устида изланишлар олиб бормоқда. Унга кўра шаҳар бўйлаб ўрнатилган "ақлли камера"ларга алоҳида видео-карта ўрнатилади. Бу мониторинг тизими ёрдамида камералар маълумотларни тезкор қайта ишлашлари мумкин бўлади.

Бу каби камералар тирбандликни аниқлаш ва олдини олиш, фавқулодда ҳолатларда тезкор чора кўриш, ҳаттоки йўқолган одамларни ҳам излаш учун керак бўлади. Metropolis лойиҳаси учун компания Хитойнинг 2 йирик компаниясини шерикликка қабул қилди. Alibaba ҳамда Huawei энди Nvidia’нинг "ақлли шаҳар" дастурини амалга оширишда ёрдам беради.

Metropolis платформасига асосланган илк шаҳарлар 2020 йилда пайдо бўлади. Бу вақтга келиб сайёрамиз бўйлаб 1 миллиард дона камералар кеча-кундуз маълумот тўплаб, уни қайта ишлаш билан машғул бўлади. Улар учун махсус "сунъий онг"га асосланган иловалар яратилади. Бу иловалар тартибни сақлаш, шунингдек шаҳар маъмуриятига зарур таҳлилларни етказиб туради.

Nvidia, шунингдек, куни кеча Пекинда инсон қиёфасини сканер қилиш орқали уни таниб оладиган лойиҳани тақдим қилди. Ҳозирча бу технология 90 фоизга аниқ ишлайди.

"Ақлли шаҳар" дастурини амалга ошириш, бу йўналишда тадқиқотлар қилиш унинг меъёрий-ҳуқуқий асосидан анча илгарилаб кетган. Ҳали бу борада ҳукуматлар томонидан берилиши керак бўлган рухсатномалар, имзоланиши зарур қарорлар кўп.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.