29 июнь – илк iPhone сотувга чиқарилган кун!

29 июнь – илк iPhone сотувга чиқарилган кун!

2007 йилнинг 29 июнида энг биринчи iPhone савдолари бошланган. Ҳали ўша йилнинг январидаёқ намойиш этилган бу янги авлод телефони бозордаги энг интиқлик билан кутилган янгилик эди, деб ёзади ТАСС.

Клавиатурасиз телефон!? Кулгили-ку!

Айтиш керакки, iPhone устида ишлар 2005 йили, Apple раҳбари Стив Жобс ҳамда дизайнер Жонатан Айв раҳбарлиги остида бошланган эди. Ниҳоят, тайёр бўлган биринчи моделни 2007 йил 9 январда, Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтган Macworld кўргазмасида оммага намойиш этишди.

Инқилобий смартфон катта шов-шувни юзага келтирди, аммо унга қарашлар турлича бўлди. Microsoft бу маҳсулот устидан очиқ-ошкора кулди – клавиатурасиз бизнес-гаджет жуда ноқулай, дея эътироф этди. Бироқ истеъмолчиларни янги турдаги телефон ўзининг чиройи, оддийлиги ва қулайлиги билан ром этган эди. Буни ўша йилнинг 29 июнида бошланган савдолар ҳам кўрсатиб берди.

Қанақа экан ўзи?

Илк iPhone экранининг диагонали 3,5 дюймга (115х61 мм), камерасининг сиғими эса 2 мегапикселга тенг бўлган. Қурилма корпуси асосан алюминийдан ясалган, айрим ташқи деталлари шиша, пўлат ва қора пластикдан эди. Девайснинг қалинлиги 11,6 мм, вазни эса 135 грамм келарди.

Смартфон маълумотлар узатиш стандартларининг иккинчи авлодини (GSM, EDGE) қўллаб-қувватлаган. Унда Wi-Fi ҳамда Bluetooth симсиз тармоқ стандартлари ҳам жорий этилган.

Биринчи iPhone уч хил – ички хотираси 4, 8 ва 16 гигабайтли талқинларда тақдим этилган.

iPhone’нинг илк модели ҳозиргиларига таққослаганда ўта жўн, оддий эди. У ҳатто 3G тармоғини ҳам қўллаб-қувватламасди! Смартфонга «бегона» дастур ўрнатиб бўлмасди – Apple бунақа имкониятни орадан бир йил ўтгачгина тақдим этди.

Булардан ташқари, ҳатто кулгили туюладиган жиҳат – биринчи iPhone’да MMS қабул қилиш ва узатиш имконияти бўлмаган! Шунингдек, матндан нусха олиш ва уни жойлашдек оддий функция янги авлод смартфонида тақдим этилмаганига нима дейсиз?

Лекин савдоси авжида!

Илк iPhone’лар савдоси Apple’нинг ўз дўконларида ҳамда AT&T алоқа оператори салонларида йўлга қўйилди. Ўшанда мазкур операторга узоқ муддатли уланиш учун албатта ундан iPhone харид қилиш шарт эди.

Ҳали дўконлар очилишидан анча олдиноқ улар олдида узун навбатлар пайдо бўлди – минглаб кишилар iPhone’ни биринчилардан бўлиб сотиб олишни ният қилишган эди. Ундан уч йил аввал – Sony PlayStation 3 савдога чиқарилганидаги талончилик ва ҳатто отишма ҳолатларини ҳисобга олиб, Apple ўз савдо нуқталарида жамоат тартибини сақлаш учун полицияни ҳам жалб этди.

Буни қарангки, ўшанда 600 долларга нархланган янги телефоннинг бир миллион донаси атиги 74 кунда сотилиб кетди. Тўғри, бу муддатнинг охирги беш кунида смартфон нархини 400 долларга туширишган эди.

Шу тариқа, бир йилда 5,4 миллион донага яқин гаджет сотилди. Сўнгроқ – iPhone’нинг кейинги версиялари чиққанида, бу рекордларни ҳам «синдиришди», аммо биринчи модель ўз даврининг бестселлери бўлиб тарихда қолди.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.