3D-принтерда ясалган антиқа буюмлар

3D-принтерда ясалган антиқа буюмлар

1995 йилда яратилган 3D-принтерга нисбатан одамлар орасида қиммат ва ҳамма учун мўлжалланмаган дастгоҳ деб қараш шаклланган. Шунга қарамасдан “Cube” компанияси 3D-принтерни нисбатан арзон – 1299 доллар нархда чиқаришга ваъда берган. Келинг 3D-принтер билан яқинроқ танишиш учун қандай нарса-буюмлар ясай олишини кўриб чиқамиз.

  1. Марҳум ҳукмдор

Уч йил илгари 2012 йилнинг кузида Лестер университети археологлари қирол Ричард III қолдиқларини топишди. Қадимги монархнинг скелети компьютерда моделлаштирилди ва 3D-принтерда босиб чиқарилди.

  1. Ҳомила

Тирик эмас, албатта. Япон компанияси мутахассислари резонансли томограф воситасида олинган тасвир асосида бўлажак одамчанинг жажжи моделини ясаб беради. Бу хизмат ота-она бўлиш арафасида турганлар учун мўлжалланган бўлиб, нархи 1,5 минг долларга яқин туради.

  1. Тана ҳужайралари

Умуман олганда, 3D моделлаштириш тиббиётда жуда кенг қўлланиляпти. Ортопедик ва стоматологик протезлар ҳақида эшитганлар анча-мунча топилади. Тиббиёт олимлари отни янада қаттиқроқ қамчилаб, принтер бўёғи ўрнига тана ҳужайраларидан фойдаланадиган принтер ясашди. Тажриба натижалари ҳозирча синов босқичида, аммо келажакда шу усул билан сунъий аъзолар олиниши эҳтимоли катта.

  1. Қулоқ

Тиббиёт мавзуини давом эттирамиз. Принстон университети тадқиқотчилари биоқулоқ яратган бўлиб, инсон қулоғи сеза олмайдиган радиотўлқинларни илғашга қодир. Биоқулоқ яратишда бузоқ ҳужайралари, полимер гель ва кумуш нанозарралари ишлатилган.

  1. Тўппонча

3D-принтерларнинг одамлар учун энг катта хавотир туғдирадиган хусусиятига етиб келдик. 3D-принтер кенг оммага тақдим этилгач, одамлар бир қалқиб олди – энди принтери борлар қурол ҳам ясай олади! Бу кичик тўппонча олтита ўқ отиши биланоқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва пацифист-тинчликсеварлар бу хатарни кўтариб чиқишди. Шу тариқа АҚШнинг бир қатор штатларида 3D қуролга тақиқ қўйилди.

  1. Скрипка

Фақат корпусининг ўзи 3D-принтердан чиқарилган, қолган қисмлари пластик, картон ва бошқа материаллардан бутланган. Аммо скрипка рисоладагидек чиққан, мусиқа чалиш мумкин.

  1. Калла суяги

Шу йилнинг мартида ноёб операция амалга оширилди: жарроҳлар инсон бош суягининг 75 фоиз қисмини принтердан чиқарилган пластик протезга алмаштиришди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.

  1. Озиқ-овқат

Озиқ-овқатни тез тайёрлаш масаласи яқин йилларда ҳал бўладиганга ўхшайди. Корнел университети олимлари 3D озиқ-овқат яратиш устида қизғин иш олиб бормоқда. Бўёқ маҳсулоти сифатида гидрофиль полимерлар ишлатилади. Аллақачон мазали шоколад, кўпчиган қаймоғу печеньелар, олма ва пишлоқ “принтер”дан чиқарилди.

  1. Қадимги Мисрликларга хос соч турмаги

Қадимги мисрликлар жониворлар юнгидан ва ипакдан ўрилган ясама соч тақиб юрганлар. Макгилла университети тадқиқотчилари замонавий аёлларга Нефертити ёки Клеопатрадек қиёфага эга бўлиш имконини тақдим этиш учун 3D-принтердан бир нечта шундай ясама соч моделини ишлаб чиқаришди.

Сизда бирор ғоя борми? Балки мамлакатимиздаги ноёб ҳайкалларни 3D-принтердан чиқариш таклифини берарсиз. Шундай принтер сотиб олсангиз, Риштон кулолчилик идишларини, Тошкент бахмал дўпписини, Қашқадарё тандиркабоби ва Бухоро зардўзиларини, тотли ҳолваларимизни ҳамда бошқа осор-атиқаларимизни “нашр этиш”га уриниб кўринг. Расмини бизга йўлласангиз, албатта, нашр қиламиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!