3D тизимида кроссовкалар учун тагчарм зарб қилинади

3D тизимида кроссовкалар учун тагчарм зарб қилинади

Спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи, Американинг оммабоп New Balance компанияси 2015 йилнинг 19 ноябрь куни 3D Systems компанияси билан ҳамкорликда кроссовкалар ишлаб чиқаришда 3D тизимини жорий қилмоқчи. Аввалига 3D усулида оёқ кийимининг ички ва ташқи қаватлари орасига ётқизилувчи, юрганда кроссовканинг ерга урилиш зарбини юмшатишга, қайишқоқлигини таъминлашга хизмат қилувчи махсус тагчарм тайёрланади.

Бу технология кейинчалик компанияга спортчининг тана ва оёқ тузилиши, вазни ва ҳаракати, бошқа муҳим жиҳатларидан келиб чиқиб, керакли пойафзални тез ва сифатли ишлаб чиқариш имкониятини беришига умид боғланмоқда.

Компания ишлаб чиқаришда 3D технологиясини ривожлантириш лойиҳаси доирасида яратилган DuraForm Flex TPU номли синтетик кукундан фойдаланади. Бу турдаги оёқ кийимларини 2016 йилнинг баҳор ойларидан оммавий ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

“Ушбу технология оёқ кийимлари таркибини хоҳлаганча, таъбга кўра ўзгартириш, ишлаб чиқариш сифати самарасига ижобий таъсир кўрсатувчи органик ва молекуляр геометриянинг ривожига замин яратади. New Balance’нинг эластик, пишиқ, вазн ҳамда вақтга чидамли, инновацион тагчармларини катта илмий муваффақият дейиш мумкин,” дейилади компания релизида.

Компания 2013 йилдан бошлаб 3D усулида оёқ кийимлари яратиш йўналишида изланишлар олиб бормоқда. Илк маротаба 2013 йилда Лондоннинг Арсенал футбол жамоаси ўйинчиси Аарон Рэмзи компания томонидан ишлаб чиқарилган, тагчарми 3D усулида тайёрланган бутсидан фойдаланган. Adidas компанияси ҳам 2015 йилнинг октябрь ойида Futurecraft номли 3D усулида яратилган кроссовкани намойиш қилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!