5 сентябрда Xiaomi яна бир туҳфа ҳозирламоқда

5 сентябрда Xiaomi яна бир туҳфа ҳозирламоқда

Xiaomi компанияси Твиттердаги саҳифасида навбатдаги реклама тизерини эълон қилган. Унда компания 5 сентябрда бош камераси қўш сенсорли бўлган навбатдаги флагманни тақдим қилиш режасида экани маълум бўлган.

Ҳозирча бу қайси флагман экани аниқ эмас. Бироқ, кутилаётган смартфоннинг Xiaomi Mi 6 каби, кенг бурчакли линза ва телеобъектив линзаси бирикмаларидан иборат камерага эга бўлиши аниқ.

Таҳлилчиларнинг фикрича, "хитойлик Apple" 5 сентябрда ромсиз Mi MIX 2 аппаратини тақдим қилади. Samsung Galaxy Note 8 ҳамда шу кунларда намойиш қилинувчи LG V30 флагманларидан сўнг Xiaomi трендда бўлиши учун бозорда учун унинг фойдасига курашадиган "байроқдор"га муҳтож.  

Технолог таҳлилчи Пан Джиутангнинг айтишича, Mi MIX 2 девайси 6,4 дюймли дисплей билан таъмин қилинади. Олд панелнинг 93% қисми экрандан иборат бўлиб, унинг матрицаси AMOLED бўлади ва экран икки ёнга букилган дизайнда тасвирланган. Шунингдек, Mi MIX 2’да тезкор хотира сиғими 6 ГБ, доимий хотира 128 ГБ бўлиши кутилмоқда.

Унга Qualcomm’нинг энг кучли, 8 ядроли Snapdragon 835 процессори ўрнатилади. Смартфоннинг камера технологияси сифатини японларнинг Sony концерни ўз зиммасига олган. Xiaomi Mi Mix 2’да ҳам “MWC 2017’нинг энг яхши смартфони” бўлган Sony Xperia XZ Premium’даги каби, Motion Eye камера технологиясининг татбиқ этилиши кутилмоқда.

Айни пайтда жаҳоннинг 4-рақамли смартфон ишлаб чиқарувчиси бўлган Xiaomi сўнгги кварталда  23,2 млн дона смартфон етказиб берган. Бир йиллик ўсиш – 58%! Компания кейинги чоракда 30 млн дона смартфон етказиб бериш режасида.

Жумладан, июлда тақдим қилинган Mi 5X, августда тақдим қилинган Redmi Note 5A, шунингдек, Mi Mix 2 ва Mi Note 3 каби оммабоп, арзон ва қимматбаҳо флагманлар боис, Xiaomi бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлайди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#Mi MIX 2

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.