80 мегапикселли сурат олувчи жаҳоннинг илк смартфони тақдим қилинди

80 мегапикселли сурат олувчи жаҳоннинг илк смартфони тақдим қилинди

Хитойнинг у қадар таниқли бўлмаган Koobee компанияси ўтган ҳафтада F1 номли флагман смартфонини тақдим қилди. Бу девайснинг ўзига хослиги — 80 мегапикселли бош камераси бўлди.

Koobee F1'нинг орқа панелидаги ҳар бири 16 мегапикселли 2 та Sony IMX298 (Xiaomi Mi5, Huawei Mate 8, OnePlus 3T флагманларида ўрнатилган) сенсорлари биргаликда олган сурат омихталашиб, 80 мегапикселли тасвирни ҳосил қилади.

Гап шундаки, фотосуратларни қайта ишлаш бўйича дастурлар тайёрлайдиган АҚШ нинг етакчи ArcSoft компанияси Koobee F1 камераси учун махсус инновацион дастур ишлаб чиқарган. Девайсдаги олд камера сиғими ҳам 16 Мп. Ҳозирча камерада олинган илк суратлар эълон қилинмаган. Биз аниқлашимиз билан камера имкониятларини сиз билан ўртоқлашамиз.

ЎқингApple iPhone X олган илк суратларни эълон қилди

Koobee F1'нинг платформа самарадорлигига масъул чип ва техник имкониятлар эса "байроқдор" эмас, стандарт: 64 битли, частота тезлиги 1,5 ГГц бўлган MediaTek MT6750 процессори, 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира, Android 6.0 Marshmallow'нинг ўзлаштирилган талқини ҳамда куч-қувватга масъул ва тезкор қувват олувчи 3000 мА соат сиғимли аккумулятор.

5,7 дюймли дисплейнинг пиксел сиғими 1440 га 720, яъни HD. Томонлар нисбати 18:9 стандартли бўлган экран атрофи юпқа ромлар билан ўралган.

Телефон кўк, тилла ранг ва қора рангли корупсларда ишлаб чиқарилади. Смартфон ўлчамлари: 153,3х71,5х7,9 мм, вазни – 172 грамм.

Koobee F1 учун компания 270 доллар сўрамоқда.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.