Афсонанинг қайтиши: BlackBerry Motion расман тақдим этилди

Афсонанинг қайтиши: BlackBerry Motion расман тақдим этилди

Ўтмишдаги энг оммабоп ақлли телефон брендларидан бири – BlackBerry’нинг янги смартфони дунё юзини кўрди. Бу ҳақда ва гаджетнинг асосий хусусиятлари тўғрисида PhoneArena нашри хабар берган.

Айтиш керакки, BlackBerry Motion дизайни мазкур бренд ишқибозлари кўникиб қолганидан бошқачароқ. Аммо у сиғимдор аккумулятори ва бир қатор янги дастурий функциялари билан уларни хурсанд қилиши аниқ.

TCL компанияси томонидан ишлаб чиқарилган BlackBerry Motion смартфони 8 октябрь куни Дубайда тақдим этилди. Ўз клавиатураси билан танилган ушбу афсонавий брендга мансуб классик ақлли телефонлардан фарқли равишда, Motion «бутунлай сенсорли» модел бўлди. Шунингдек, у BlackBerry телефонлари тарихидаги энг юқори даражадаги – 4000 мА/соат сиғимли батареяга эга.

Бундан ташқари, намойиш этилган девайс BlackBerry’нинг IP сертификатига эга илк смартфони ҳамдир. IP67 гувоҳномасига кўра, Motion ярим соатгача вақт давомида бир метргача чуқурликдаги сув остида «жон сақлай» олади. Шунингдек, бу сертификат телефоннинг чангдан ҳам муҳофаза этилганлигини англатади.

BlackBerry Motion диагонали 5,5 дюймга тенг экранга эга, у тирналишга қарши Premium Anti-Scratch тизими билан муҳофазаланган. Дисплейнинг сифати – FHD (1080 x 1920 пикселли).

Тақдимотда янги смартфоннинг чипсети ҳақида бирор маълумот берилмаган. Аммо аввал тарқалган гап-сўзларга қараганда, унга саккиз ядроли марказий процессор ҳамда Adreno 506 график тезлатгичини ўз ичига олган Snapdragon 625 ўрнатилган бўлиши керак.

Гаджетнинг тезкор хотираси ҳажми 4 гигабайтни ташкил этади. Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлаши эвазига, BlackBerry Motion аккумулятори атиги 40 дақиқа мобайнида 50 фоизгача қувват йиғади. Бармоқ изи сканери «Home» тугмачасига ўрнатилган.

Телефоннинг корпусини мустаҳкамланган алюминий ром ўраб туради. Орқа панел материали қўлга юмшоқ тегади. BlackBerry Motion’га Android 7.1 Nougat операцион тизим талқини ўрнатилган, аммо 2018 йилиёқ мазкур модел Android 8.0 (Oreo) версиясигача янгилаш имкони тақдим этилади.

BlackBerry бренди телефонларига Motion моделида яна бир янгилик – Locker функцияси кириб келди. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар ўз файллари ва фотосуратларини смартфоннинг PIN-код ёки бармоқ изи билангина кириш мумкин бўлган ички хотирасида сақлай оладилар.

Булардан ташқари, Convenience Key энди тегишли вазиятларда тўртта профилдан бирини танлаш имконини беради: уйда (Home), автомобилда (Car), офисда (Office) ва фойдаланувчининг ўз созламалари (User).

Таъкидланишича, янги BlackBerry Motion дастлаб чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади. Унинг савдолари Бирлашган Араб Амирликларида ҳамда Саудия Арабистонида шу ойнинг ўзидаёқ бошланади. Кейин эса бу гаджет бошқа бозорларга ҳам тақдим этилади. BlackBerry Motion нархи 463 АҚШ доллари эквивалентига тенгдир.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.