Аккумулятор борасида «қирол» смартфон савдога чиқди

  •   DiMaX
  •  4844
  •  06.06.2017 15:44

Аккумулятор борасида «қирол» смартфон савдога чиқди

OUKITEL компанияси K10000 Pro смартфонининг дунё бўйлаб сотувини бошлади, деб ёзади Androidinsider нашри. Кутилганидек, қурилма 10000 мА/соат сиғимли аккумуляторга, тезкор қувватлаш технологиясига ҳамда юксак самарадорликка эга.

Айни дамда K10000 Pro – энг сиғимдор батареяга эга смартфон бўлиб турибди. Кутиш режимида у қувватлашсиз бир ойдан ошиқ вақт туриб бера олади. Узоқ муддатли саёҳатга чиққанда, телефонда кўп гаплашиш зарурати бўлган ҳолларда, шунингдек, ўйинлар ўйнашда аккумулятор сиғимининг аҳамияти жуда катта. Тағин, шунча катта ички ҳажмга эга бўлгани ҳолда, мазкур смартфон аккумулятори атиги икки ярим соатда тўлиқ куч тўплай олади. Бунга эса жамланманинг ўзида келадиган 12В/2А адаптери имкон беради.

Булардан ташқари, К10000 Pro ақл бовар қилмас даражада юқори самарадорлиги билан ҳам ажралиб туради. У ARM Mali-T860 GPU графикали MT6750T Octa-core Cortex A53 чипида ишлайди. Тезкор хотираси 3 ГБ, ўзига Android 7.0 версияси ўрнатилган. Full HD сифатли дисплейининг диагонали ўлчами эса 5,5 дюймга тенг. Унинг асосий камераси 13, олд камераси эса 5 мегапикселли модулга эга.

К10000 Pro смартфони фақат қора рангда чиқарилган, нархи эса 219,99 АҚШ доллари қилиб белгиланган. Бироқ сотувлар бошланишига бағишланган акция доирасида уни ҳозирда 179,99 долларга олиш имкони мавжуд. Смартфон савдога қўйилган онлайн-дўконлар рўйхати эса ишлаб чиқарувчининг сайтида берилган.

Ушбу девайс тасвирланган видеолавҳа ҳамда унинг бошқа хусусиятлари билан мана бу мақоламизда танишиб олишингиз мумкин.

Дарвоқе, мазкур ишлаб чиқарувчининг бундан олдинги Oukitel K10000 модели ҳам батареяси бақувват смартфонлар рейтингида етакчи эканини таъкидлаш жоиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.