АКТ Вазири: Мақсад - лимитсиз интернет тарифларини жорий этиш

АКТ Вазири:  Мақсад - лимитсиз интернет тарифларини жорий этиш

Халқаро пресс-клубнинг 16 август куни бўлиб ўтган анжуманида мобил интернетдан фойдаланиш муаммолари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, журналистлар мобил интернетда Tas-IX тармоғи қачон бепул бўлиши ҳақидаги савол билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовга мурожаат қилди.

Шерзод Шерматов мақсад фақат Tas-IX тармоғидан фойдаланишни осонлаштириш эмас, балки қайси тармоқда бўлишидан қатъий назар, интернет учун лимитсиз тарифларни ишлаб чиқиш бўлиши лозимлигини таъкидлади, деб ёзади Daryo.uz.

Бу масала бўйича бир фикрни айтмоқчиман. «Tas-IX бепул, халқаро интернет пуллик», деган қарашлардан воз кечишимиз керак. Бизнинг вазифамиз — лимитсиз (унлимитед) тарифларни жорий этиш, шундай тарифларга ўтиш.

Ташқи интернет канали сиғимини ошириш, бошқа телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилади. Агар тўлиқ лимитсиз тарифларга ўтиладиган бўлса, Tas-ix ва халқаро интернет ҳақидаги саволларнинг ўзи йўққа чиқади.

Ўйлайманки, телекоммуникация тармоқлари янада ривожланганидан сўнг, лимитсиз тарифларга кўпроқ ўтиш имкониятлари очилади.

Шерзод Шерматов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б.

Маълумот учун, Tas-IX — Тошкентдаги интернет орқали маълумотлар алмашинув нуқтаси бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон миқёсида «бепул интернет тармоғи» деб ҳам аталади — симли интернетга уланиш хизматини кўрсатувчи провайдерлар Tas-IX’га уланиш учун хизмат ҳақи олмайди.

Тармоқ 2004 йил октябрида, интернет тезлигининг ўша пайтда пастлиги (сониясига 56 килобит) сабаб бешта интернет-провайдер томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳозирда тармоқ иштирокчилари сони 30 тадан ошган. Tas-IX’га лимитсиз уланиш асосан симли интернетга уланиш хизматини кўрсатувчи провайдерлар томонидан тақдим этилади.

Ўзбекистон мобил операторлари орасида фақат Ucell’да бепул, лимитсиз Tas-IX’ли интернет-пакетлар мавжуд, бошқа мобил операторларда Tas-IX трафикни (чекланган) алоҳида, халқаро трафикни алоҳида ҳисоблайдиган махсус интернет-пакетлар мавжуд.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!