АКТ вазирлиги баёноти: Телекоммуникация хизматлари учун нархларнинг ошишига йўл қўйилмайди

АКТ вазирлиги баёноти: Телекоммуникация хизматлари учун нархларнинг ошишига йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-5177-сон фармонининг қабул қилиниши муносабати билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида барча мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида тариф сиёсатини тартибга солиш бўйича бирламчи вазифалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда телекоммуникация хизматларини сўмли тарифга ўтказишда абонентларга зарар етмаслигини таъминлаш, жумладан абонентларга кўрсатилаётган хизматларга белгиланган бугунги нархларни оширмаслик масаласи кўтарилди. Давлат раҳбарининг фармонида товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг низом жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши кўрсатилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ўтган учрашувда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 5 сентябридан барча телекоммуникация хизматлари учун тарифлар миллий валютада -- сўмда белгиланади.

Операторлар раҳбарлари томонидан биллинг хизматлари айни пайтда хорижий валютага асослангани, уларни миллий валютага мувофиқлаштириш бирмунча вақтни талаб қилишини таъкидладилар. Шуни ҳисобга олган ҳолда, миллий валютага асосланган биллинг тизими ишга тушгунига қадар тарифлар истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг 29 августида ўрнатилган 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати (4210,35 сўм) бўйича белгиланади. Соддароқ қилиб айтганда, миллий валютада тарифларнинг ошишига йўл қўйилмайди. Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича 10 АҚШ доллари эвазига кўрсатиладиган хизмат, АҚШ доллари курсининг ўзгаришидан қатъиназар, ўтиш даврида 42 минг сўмдан оширилмайди. 

Операторларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди. Барча операторларга 5 сентябрдан бошлаб хизматлар учун барча тарифларни ўзларининг сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилди.  

Телекоммуникация хизматлари истеъмолчилари учун вазирликнинг ишонч телефонлари ва алоқа ўрнатиш усулларини эслатиб ўтамиз:

Давлат алоқа инспекциясининг виртуал қабулхонаси ёки "1144" ишонч телефони;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг виртуал қабулхонаси: www.murojaat.mitc.uz, телефон: 200-41-07.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.