Amazon Alexa ақлли ёрдамчиси инсон ҳаётини сақлаб қолди

Amazon Alexa ақлли ёрдамчиси инсон ҳаётини сақлаб қолди

Бу воқеа АҚШнинг Нью-Мексико штатида содир бўлди. Шу йилнинг 2 июлида 28 ёшли Эдуардо Баррос исмли шахс маҳбубасининг мессенжерига келган хатдан жазавага тушиб, ақлини йўқотади ва рашк устида қизни калтаклашга киришиб кетади.

Уруш-жанжал орасида қутурган Эдуардо қизнинг бошига тўппончасини тираб, "Полицияга қўнғироқ қилдингми?" деб бақиради. Унинг сўровига қиз рад жавобини берган бўлса ҳам, дарғазаб Эдуардонинг овози хонадаги Amazon Alexa ақлли гаджетини бефарқ қолдирмади.

Эдуардо Баррос

"Полиция", "қўнғироқ" деган сўзларни эшитган ақлли гаджет дарҳол полицияга қўнғироқ қилиши кераклигини англайди ва 911 рақамига қўнғироқ қилади. Қўнғироқни қабул қилган Берлиллио округи офицери Фелисия Ромеро қўнғироқ келган томондан ҳеч ким жавоб бермагач, деярли қотиллик қурбони бўлиши аниқ бўлиб турган қизнинг рақамига қайтиб чиқади.

Эдуардо Баррос жиринглаётган қизнинг смартфонини жаҳл билан олганида полициянинг рақамини таниб қолади. Алам устида смартфонни отиб, қизни ўлгудек калтаклайди ва воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Шу орада қўнғироқдан шубҳаланган полициячи жиноят жойига етиб келади ва жабрланувчини касалхонага етказади. Жиноятчи эса кўп ўтмасдан қўлга тушади.

Amazon Alexa овозли ақлли ёрдамчиси 2014 йилда Amazon компанияси томонидан тақдим қилинган. У фойдаланувчиларни кундалик юмушлар, янгиликлар, об-ҳаво маълумотлари билан таништириб боради, турли мавзулар бўйича маълумотларни тақдим қилади. Шунингдек, зарур маҳалларда қўнғироқларни амалга оширади.

Экспертларнинг фикрича, ахборот-коммуникация технологияларининг инсонлар ҳаёти, жумладан хавфсизликни таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда. Юқоридаги воқеа ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.