Amazon ўзбекистонлик дастурчилар яратган стартапни харид қилди

Amazon ўзбекистонлик дастурчилар яратган стартапни харид қилди

Ўзбекистоннинг Datasite Technology ахборот-коммуникация технологиялари компанияси Бирлашган Араб Амирликларида Amazon, Souq.com ва Wing.ае компаниялари ўртасида имзоланган йирик битимга ҳисса қўшганлиги тўғрисида хабар бермоқда. Битимнинг қиймати ҳозирча маълум қилинмаган.

Американинг Amazon компанияси жорий йилнинг июлида фаолиятини кенгайтириш мақсадида, Бирлашган Араб Амирликларида онлайн савдо хизматларини кўрсатувчи Souq.com компаниясини $650 миллион долларга харид қилган эди. Souq.com Ўрта шарқ ва араб давлатларидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида, Дубайнинг Wing.ae стартапини ҳам харид қилди. Мазкур стартап савдогар, харидор ҳамда курьерларга маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича энг мақбул мобил ва электрон, логистика ечимларни таклиф қилувчи ягона платформадир.    

AT Kearney маркетинг тадқиқотлари экспертларининг фикрича, кейинги 3-4 йилда БААда электрон тижорат улуши йилига 25 фоиздан ошиб боради. Жумладан, 2018 йилга келиб онлайн савдо ҳажми $10 млрд долларга етади. Биргина Souq компанияси ойлик 45 миллион нафар фойдаланувчиларга эга. Бу ерда 31 турдаги 8.4 миллион дона маҳсулотлар сотилади.

Суратда: Souq.com асосчиси ва раҳбари Роналду Мушавар (чапда) ҳамда Wing.ае стартапининг раҳбари ва асосчиси Музаффар Карабаев (ўнгда).

Souq.com асосчиси ва раҳбари Роналду Мушаварнинг сўзларига кўра, мобил хизматлар, жумладан электрон савдо аҳоли ўртасида тез оммалашмоқда. Интернет тармоғида савдо-сотиқнинг ривожланиши маҳсулотларнинг тезкор ва ишончли етказиб берилишига боғлиқ. Wing.ae эса бунга хизмат қилувчи илғор онлайн бозор.

Мазкур битимда ўзбекистонликларнинг ҳиссаси шундан иборатки, Wing.ae онлайн платформасининг мобил иловаси 2016 йилда ўзбекистонлик дастурчилар, аниқроғи Datasite Technology томонидан ишлаб чиқарилган. Қолаверса, юртдошимиз Музаффар Карабаев Wing.ае стартапининг раҳбари ва асосчиси ҳисобланади. Илова қулай ва илғор харид усулларини тақдим қилади. Унинг ёрдамида маҳсулотларнинг қайси манзилда эканини кузатиб бориш мумкин.

Ўзбекистон IT-бозорида 10 йилдан буён фаолият олиб бораётган Datasite Technology маҳаллий ва хорижий мижозлар учун 300 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширган. Компания бугунга қадар кўпгина иқтидорли дастурчилар учун чинакам мактаб вазифасини ўтаган. Мазкур муваффақиятли лойиҳа Ўзбекистон IT-саноатининг халқаро IT-бозорига чиқиши, дастурчиларимизнинг янги муваффақияти, маҳаллий компанияларнинг ривожланиши учун айни муддаодир.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.