Американинг Ўзбекистондаги илк университети қачон иш бошлаши маълум бўлди

Американинг Ўзбекистондаги илк университети қачон иш бошлаши маълум бўлди

6 декабр куни Америка Қўшма Штатларининг Вебстер Университети вице-президенти Питер Махер бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ташриф буюрган делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Делегация аъзолари таркибида, шунингдек, мазкур университетнинг Бизнес ва технология мактаби декани Симмон Куммингс ҳамда Таълим муассасалари бўйича декани Бренда Файфлар ҳам ташриф буюришди.

Делегациянинг ташрифидан кўзланган мақсад — Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг филиалини ташкил қилиш билан боғлиқ техник, ҳуқуқий ҳамда иқтисодий масалаларни яқиндан муҳокама қилишдан иборат. Шу билан бирга, музокаралар мобайнида янги университетнинг юртимиздаги фаолиятини янги ўқув йили — 2018 йилнинг сентябридан бошлаб йўлга қўйиш юзасидан кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Вебстер университетининг Тошкент шаҳрида филиалини очиш тўғрисида битим Нью-Йоркда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми якунлари бўйича имзоланган эди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ўзбекистонлик талабалар ахборот технологиялари, ахборот хавфсизлиги ва бошқа йўналишларда бакалаврлик даражасини олишлари мумкин бўлади.

Шу муносабат билан, томонлар ахборот технологиялари соҳаси учун халқаро талабларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қиладиган таълим тизимини жорий қилиш бўйича иккитомонлама ҳамкорлик тадбирларини белгилаб олдилар.

1915 йилда асос солинган Вебстер Университети АҚШ нинг Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида жойлашган. Вебстер хусусий нодавлат университет бўлиб, унда таҳсил олувчи талабалар сони бугунда 17 000 тани ташкил қилади. Шунингдек, мазкур таълим маскани Европа, Осиё ва Африка минтақаларида ҳам бўлинмаларига эга.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.