Таҳлил: "Apple ва Xiaomi жанги"да ким ғолиб бўлиши айтилди

Таҳлил:

Бир неча йиллар илгари Apple ва Xiaomi'ни таққослаш қанчалик аҳмоқона туйилмасин, Xiaomi нуфузда Apple билан ўртадаги масофани тобора қисқартирмоқда.

Куни кеча тарқалган маълумотга кўра, Хитойнинг Xiaomi компаниясининг баҳоси 70 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган ва энди у жаҳон биржасида ўз акцияларига эга бўлади. Бу хабар смартфон бозори тадқиқотчиларини сергак тортишга мажбур қилди.

Қачонлардир Стив Жобсга ҳавас қилган Лэ Цзюн бошчилигидаги компаниянинг сўнгги технологик янгиликларига нисбатан жамоатчиликнинг муносабатига диққат қилсак, ҳозирданоқ унинг ишқибозлари Apple'никидан кўплигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бунинг 3 та асосий сабаблари бор:

1.Xiaomi янги смартфонларни тақдимотдан сўнг тезда бозорга чиқаради. Apple эса ихлосмандларини интиқ қилишни хуш кўради. Тўғри, Apple инновациялар қироли бўлган даврда ишқибозлар ҳам унинг гаджетларини кутишган. Бироқ, бугун Xiaomi каби ёш рақиблар ҳам инновациялар яратишга қодир ва бозордаги кечикиш фақатгина рақиб фойдасига бўлади.

2. Ҳамёнбоплик -- доимо сифат доирасида. Айни пайтда компания ромдан холи ва томонлари нисбати 18:9 стандартидаги экранга ҳамда қўш сенсорли камерага эга ҳамёнбоп Redmi Note 5 смартфонини ишлаб чиқариш арафасида. Унинг нархи $150 доллар атрофида бўлади. Шунингдек, бу гаджет самарадорликда ҳам ўртача имкониятга эга бўлади. Бугунги харидорга кучли процессордан кўра, арзон ва яхши жиҳатларга эга смартфонлар керак.

3. Турли-туманлик. Apple маҳсулотлари каталоги тобора қисқариб бормоқда: эски айфонлар бозорни тарк этмоқда, iPod ва MacBook Air туркуми ҳам ғойиб бўлмоқда, HomePod каби янги девайслар эса кулгига қолмоқда. Xiaomi эса аксинча, маҳсулотларини қаторлатиб ташламоқда. Айни пайтда, "ақлли соат" ва электрон браслет (Xiaomi Mi Band) ва повербанклар ишлаб чиқаришда у жаҳонда яққол пешқадам. Шунингдек, планшет, телевизор ва ноутбук саноатида ҳам тобора ном қозонмоқда. Тиниб-тинчимас компания электрон велосипед, экшн-камера, "ақлли оёқ кийим", "ақлли кўрпа", ҳаттоки ҳожатхона қоғози ҳам ишлаб чиқармоқда.

Хулоса

"Хитойлик Apple" ўта қисқа, яъни сўнгги 2 йил ичида ўз маблағларини 30 млрд долларга кўпайтиришга эришган. Тан олиш керак, бу жуда катта муваффақият. Ва, осиёлик ишлаб чиқарувчининг сўнгги ютуқлари унинг тўғри йўлдан бораётганидан дарак беради. Экспертларнинг фикрича, компания шу суръатда давом этса, тезда IT-саноатда рақибларини ортда қолдиради.

Xiaomi'нинг ғайрати ёнида Apple аллақачон чарчаб қолган нуроний брендга айланиб қолгандек. Омад эса доимо ҳаракатда бўлганга насиб қилади. Биз эса кузатишда давом этамиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!